31.10.2024 08:12

15 давлат Хитойни уйғур маҳбусларини озод қилишга чақирди

Ғарбнинг 15 давлати Хитойдан ҳибсга олинган барча уйғурлар ва тибетликларни озод қилиш ҳамда ҳуқуқ фаолларига яшаш жойларига боришига рухсат бериш талаб қилинган оммавий баёнотни имзолади.

Баёнот Канада, Дания, Финляндия, Франция, Германия, Исландия, Япония, Литва, Нидерландия, Янги Зеландия, Норвегия, Швеция, Британия ва АҚШ томонидан имзоланди.

Имзоловчилар Хитой инсон ҳуқуқлари бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни ҳурмат қилиши ва инсон ҳуқуқларини яхшилаш бўйича жаҳон ҳамжамиятининг тавсияларини амалга ошириши кераклигини таъкидлади.

Жумладан, АҚШ Хитойнинг уйғурларга нисбатан ҳаракатларини «геноцид» деб атади. Жаҳон Уйғурлар Конгресси вице-президенти Илшат Ҳасан Кокбурий баёнот эълон қилинганидан хурсанд эканлигини, бироқ Хитойда ўзгаришларни амалга ошириш учун аниқроқ чоралар кўриш вақти келганини айтди.

"Геноцид ҳозир ҳам тўхтагани йўқ. Бу шошилинч масала. Дунё Хитой ҳукумати томонидан содир этилаётган жиноятларни тўхтатиш учун янада кучлироқ чоралар кўриши керак", дея қўшимча қилди у.

Аввалроқ, 24-27 октябрь кунлари Босния ва Герцеговина пойтахти Сараевода уч йилда бир марта ўтказиладиган Жаҳон Уйғур Конгресси етакчилари ушбу тадбирни ўтказмаслик учун Хитой томонидан кучли босим ва тақиблар бўлганини маълум қилди.

“Июнь ойида Бош ассамблеямиз Сараевода бўлиб ўтишини эълон қилганимиздан бери кўплаб таҳдидларга дуч келдик, жумладан, аъзоларимиз ва юқори лавозимларга даъвогар номзодларимизга нисбатан туҳмат кампаниялари уюштирилди”, - деди Жаҳон уйғурлари конгресси директори Зумретай Аркин “Озодлик” билан суҳбатда.

25 дан ортиқ давлат – Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Европа ва Шимолий Америка – диаспора вакиллари иштирок этган йиғилиш арафасида ташкилот, Аркиннинг сўзларига кўра, хакерлик ҳужумларини бошдан кечирган, аъзолари ва уларнинг оилалар жисмоний таҳдидларга учраган.

“Улар Сараевода мажлис ўтказилишига ҳар томонлама тўсқинлик қилишга уриндилар”, дейди Зумретай Аркин.

 

 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.