06.05.2024 16:31

Малколм Х ким? (+видео)


«Таълим бизнинг келажак учун паспортимиздир. Келажак унга бугун тайёрланаётган одамларгагина тегишли».

* * *

«Мен Исломга ишонаман. Мен мусулмонман ва мусулмон бўлишнинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ, Ислом динида ҳеч қандай ёмонлик йўқ. Бу бизга фақат Аллоҳга худо деб ишонишни ўргатади. Сизлардан насроний бўлган баъзиларингиз мен ишонган, коинот ва осмонлар яратувчиси бўлмиш Худога ишонасизлар. Биз ҳаммамиз борлиқни яратган мана шу Зотга эътиқод қиламиз. Ўртамиздаги ягона фарқ шундаки, сиз Уни Худо деб атайсиз, биз эса Аллоҳ деймиз».

* * *

«Агар сиз ҳуррият учун бадал тўлашни истамасангиз, сиз ҳурриятга арзимайсиз».

* * *

Малколм Икс вазир, фуқаролик ҳуқуқлари фаоли ва таниқли қора танли миллиятчи лидер бўлиб, 1950 ва 1960 йилларда «Ислом Миллати» ташкилотининг вакили бўлиб ишлаган.

1965 йил 21 феврал куни Малколм Икс Ҳарлемдаги Аудубон бал залида маъруза ўқиётган маҳали отиб ўлдирилади. У вафотидан сўнг, бутун дунё бўйлаб, нафақат мусулмонлар учун, балки бошқа дин вакиллари учун ҳам ҳақиқий илҳомбахш ва руҳлантирувчи сиймо бўлиб қолди. Биз бугун сизларга унинг мураккаб ва мушкулотларга тўла кечган, Исломга бутунлай бахшида этилган умри ҳақида ҳикоя қилинади.

Кўплаб мусулмонлар учун Малколм Икс етакчиликнинг ҳақиқий намунаси. Унда исёнчилик ва ислоҳотчилик, хайрихоҳлик ва жўшқинлик, ўз фикр ва қарашига эга олим сиймоси мужассам. Малколм Икснинг ҳаёти унинг инсон сифатидаги эврилиши, шунингдек, афро-америкалик маданиятига жиддий таъсир кўрсатган кўплаб ички ва ташқи ўзгаришлар туфайли ҳам мураккабдир.

1925 йил 19 майда Небраска штатининг Омаха шаҳрида қашшоқ оилада — Эрл ва Луиза Литтлнинг тўртинчи фарзанди сифатида дунёга келган Малколм ўз даврининг энг фаол қора танли миллатчи етакчиларидан бирига айлана олди. Малколминг отаси Баптист воизи бўлган. У қора танли миллатчилик ғояларини тарғиб қилган. Бу эса ку клукс клан каби оқ ирқчи гуруҳларга ёқмаган. Кланнинг доимий таҳдидларидан сўнг, Малкомнинг отаси шафқатсизларча ўлдирилади, расмийлар эса айбдорларни жиноий жавобгарликка тортишдан бош тортади. Унинг онаси эса руҳий касалхонага ётқизилади, болалари, шу жумладан Малколм меҳрибонлик уйларига юборилади.

У ирқчиликнинг азоб-уқубатларини ўз танасида ҳис қилди, ёшлик йиллариданоқ таълим олиш ва бошқа имкониятлардан маҳрум бўлди. 6 ёшида отасидан, 12 ёшида онасидан айрилган Малколм учун жиноят кўчаси ягона ва янги умидли дунё бўлиб кўринди.

Онасиз ва отасизлик уни кўчалар таъсири ва номақбул хатти-ҳаракатларга қарши ҳимоясиз қолдирганди. Малколмнинг ёшлик вақти дастлаб меҳрибонлик уйида, кейин эса Тарбияси оғир вояга етмаганлар муассасидаги махсус мактабда (Америкада уни “ислоҳ мактаби” дейилади) ўқиди.

Малколм ўрта мактабни битирмаёқ уни ташлаб кетади ва жиноят оламига киради. У гиёҳванд моддалар савдоси, қимор ўйинлари ва талончилик билан шуғулланди ва 21 ёшида ўғирликда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Ислоҳ мактабида ишлайдиган бир одам Малколмга ислоҳот сўзининг асл маъносини айтди, айни шу гап Малколмнинг ҳаётдаги миссиясининг тимсоли бўлиб қолди. У шундай деган эди: Ислоҳ бу ўзгариш ва яхшиланиш демак. Малколм янги маконда мислсиз ўзгаришларни бошдан кечирди. Оқ танли синфдошлари танасининг ранги туфайли эга бўлган имкониятлар Малколм учун мавжуд эмас эди. Шунда у фақатгина ўрганиш устунлик бермаслигини англаб етди. У айтади: Айни шу лаҳзадан бошлаб ўзгаришга қарор бердим.

Маълумки, Малколмнинг фамилияси «Х» (Икс). Бунинг боиси шундай: Қуллик даврида Африкалик қулларни ўз эгаларининг фамилияси билан чақиришган. Уларнинг ўз исми, номи бўлмаган. Малколм қул эгалари номидан воз кечиш, ўзининг мавҳум тарихига ишора ва исломга садоқати изҳори сифатида фамилиясини «Литл»дан «Х» га ўзгартиради. У ўз издошларини ҳам ўз фамилияларини ўзгартириб, ўрнига «х» ни қабул қилишга чақирган.

Ундаги таълим олиш ва атрофидагилар билан ҳамкорлик қилиш истаги ўрнини умидсизлик эгаллади. Бу Малколмнинг черков ва Худодан умидсизликка тушиши билан боғлиқ эди. Қуйидаги савол Малколмнинг ич этини ерди: Қандай қилиб меҳрибон Худо одамлардан бир ирқнинг фароғатда яшашига ва бошқа ирқнинг эса айримчилик ва камситишлар остида ҳаёт кечиришига рухсат бериши мумкин? Ла Мотенинг таъкидлашича, "Малколм Икснинг оқ дунёдан воз кечиши, унга қарши исён кўтариши ва афро-америкалик дунёқарашни қабул қилиши унинг насронийликни рад этиши билан чамбарчас боғланган". Натижада, Малколм бутун эътиборини ўз муҳитидан ташқаридаги дунёга қаратди — у ерда уни қабул қилишди ва у Ҳарлем кўчаларининг қизғин ҳаётига кириш ҳуқуқига эга бўлди. Шундан сўнг у бузғунчилик ва ўғриликка муккасидан кетган кўча безори болалар билан яқинлашди. Бу давр ҳам оғир кечди. Таржимаи ҳолида ўзи ёзганидек, «бутун ушбу йиллар мобайнида ҳам ақлий, ҳам жисмоний ниҳоятда толиққан эдим». 1946 йилда у киссовурлиги учун қамоққа олинади. Қамоқхонада кечган йиллари уни янада умидсизликка михлайди. Ўзининг таъбири билан айтганда: "Панжара ортида, инсон ҳеч қачон ислоҳ бўлмайди. Одамни зиндонбанд этиш жиноятларни, қонунбузарликларни янада кўпайтириб беради, холос".

Қамоқдаги ҳаётининг сўнгги икки йиллигида Малколм нон ва пишлоқ ейиш билан кифояланган, сабаб шуки, қамоқхона ходимлари унга чўчқа гўшти тегмаган таомларни беришни рад этишганди. Бу унинг қамоқдан чиққанидан сўнг жарроҳлик амалиёти учун касалхонага ётқизилишига ва соғлигида муаммоларга сабаб бўлди. Айни шунинг асоратидан, у йиллар давомида шифокорлар тавсияси билан юқори дозада витаминлар ва таблеткалар қабул қилиб юрди.

Малколм йигирма бир ёшга тўлмаган ва узоқ муддатли қамоқ жазосини ўтаётган бир пайтда «Ислом Миллати» ташкилоти фаоли Илёс Муҳаммад унинг олдига келади. Унга Аллоҳ ва «Ислом Миллати» (АҚШда тузилган қора танли мусулмонлар ташкилоти) ҳақида тушунча беради, айни шу ондан бошлаб Малколмнинг ҳаёти яна тубдан ўзгариб кетади.

Дастлаб у Илёс Муҳаммадга мактуб ёзмоқчи бўлади, шунда саводи жуда ёмон бўлгани боис, ёзувини ҳатто ўзи ҳам ўқий олмаслигини пайқаб, мустақил таълим олишни йўлга қўйди. Ишни луғатдан бошлади. У ҳар куни луғатнинг бир саҳифасини қоғозга кўчириб олиб, уни овоз чиқариб ўқийди. Бу унинг сўз бойлигини оширди ва унга ўзи билмаган сўзларнинг маъноларини тушунишга имкон берди. Малколм энди китобларни ўқий оладиган ва улар аслида нима деяётганини тушунадиган бўлди. У қамоқхонадаги кунларини кутубхонада китоблар ўқиш; одамлар, ҳайвонлар, жойлар, тарих, фалсафа ва илм-фан ҳақида ўрганиш билан ўтказарди. Ўқишлари орқали Малколм қора танли қулларга нисбатан қилинган ваҳшийликлар ва қулликдан кейин қора танлиларнинг деградацияси ҳақида ҳам кўп нарсаларни билиб олди.

Шайх Ҳамза Юсуф (Америкадаги «Зайтуна» коллежи раҳбари) ўз нутқида Малколм ҳақида қуйидагиларни айтган эди:

«У тарихни ўқирди — буюк тарихчи Дюрантнинг «Сивилизасия баёнлари»ни ўқиди, кўп жилдли дунё тарихини ўқиди, Геродотни ўқиди, Арнолд Тойнбини ўқиди,.фалсафани ўқиди.

Қамоқхонада ажойиб бир кутубхона бор эди, унинг айтишича, бу кутубхона қамоқхонага ҳадя қилинган эди. Агар сиз Алкатразга ташриф буюрсангиз, уларда кичик қамоқхона кутубхонаси борлигини кўрасиз, у ерда ҳозир китоблар йўқ, лекин деворларда маҳбуслар фалсафага қизиққанлари ва Кант ва бошқа файласуфларни чуқур иштиёқ билан ўқиганлари ёзилган.

Малколм Кант, Шопенгауэр, Ницшеларни ўқирди. Уни, айниқса, Спиноза ҳайратда қолдирган. У ғарб цивилизациясини катта бир кўланка қоплаган, деб ҳисобларди. У шунингдек, афро-америка тарихини ҳам ўқиди, у қора танлиларнинг руҳи ҳақида ҳам ўқиди.

Бу одам фавқулодда нотиқ эди. У ғоят ўқимишли, ақл соҳиби эди. Бу одам ўзини (ўз нафсини) тарбиялаш йўлида жуда қийинчилик билан кураш олиб борди. У йиллар давомида тиним билмай ўқиди. Қамоқда тонг саҳар соат учгача ўқирди, у ўқиш учун залнинг чироғидан фойдаланарди ва ҳар 58 дақиқада, қоровул келиб кетгани боис, хонасига қайтарди, чунки бу вақтда уларга ўқишга рухсат берилмасди, қўриқчи келганда у ўзини ухлаётгандек кўрсатарди, чиқиб кетгач, жойига қайтиб бориб, ўқишини давом эттирарди.

Бу инсон Малколм Икс бўлади. Буюк инсонларни буюк қиладиган нарсалар — тартиб-интизом, ўз-ўзига қарши курашиш ва дангасаликни енгиш, осон йўлдан бориш каби васвасаларини енгиб ўтиш қобилияти. У юксак интизомли шахс эди — ҳам ахлоқий, ҳам ақлий ва ҳам руҳий интизомга эга эди».

Илёс Муҳаммад ва унинг Худо (Аллоҳ) ҳақидаги узоқ суҳбатлари ҳамда акаси Филибертнинг доимий мактублари туфайли, бир неча ойлик изланишлардан сўнг, Малколм исломни қабул қилишга қарор берди.

Бу ўзгариш палласи у учун осон кечмади, негаки аввалги ҳаёти фикрлаши ва ҳаракатларига занжир солиб турар эди. Шунга қарамай Исломни қабул қилишга юракдан жазм этди ва бу диннинг қора танлиларни юксалтириши, уларнинг паст табақадан олиб чиқиб, ҳуррият томон бошлай олишига мутлақ ишонди. Унинг фикрича, христианлик дини қора танлиларга нисбатан аёвсиз муносабатда эди, уларни одам ўрнида кўрмас эди. Ушбу омиллар сабаб у христианликдан тамомила узилди ва ўзини исломга бахшида этишга азм қилди.

Малколм учун Аллоҳга бўйсунишнинг энг қийин жиҳати ибодат қилиш — намозни ўрганиш эди. Бу бутунлай ҳимоясиз экани ва агар қамоқхона қийинчиликларини енгиб ўтишни истаса, Олий кучдан ёрдам ва кўмак зарурлигини тан олишни англатарди. Малколмнинг ўзи шундай таъкидлайди: «Мен ўзимни тиззаларимни букишга мажбурлашимга тўғри келар ва шармандалик ва уят тўлқинлари мени орқага қайтишга мажбур қилар эди. Ўзининг қабиҳ ва ожиз эканлигини тан олиб, айбига иқрор бўлиб, Худодан ёлвориб кечирим сўраш – дунёдаги энг қийин иш. Аммо мен қайтмадим, Аллоҳга том маънода бўйсунишга ва ибодат қилишга ўзимни мажбурлайвердим, бундан тўхтамадим».

Малколмнинг бу итоаткорлиги унинг ҳаёти фақат ўтмишдаги тажрибалардан иборат эмаслиги, уни мавҳумлик ва оддийликдан қутқарадиган келажак ҳам борлигини тушунишга ёрдам берди. Қолаверса, Малколм ўз эътиқоди ва «Ислом Миллати» ҳақидаги билимларини ошириб борди, у мазкур таълимотни ўрганишни ва уни ҳаётида қўллашни жуда жуда истар эди.

Бу эътиқод тизими Малколмни ўзлигини англаш йўли томон бошлади. У бошқа кўплаб афро-америкалик эркак маҳбуслар қатори «Ислом Миллати» ҳаракатига қаттиқ боғланган эди, чунки бу диний ташкилот қора танлиларнинг шахсиятига катта эътибор қаратганди. Социолог Магнус О. Бассейнинг фикрича, «Ислом, Малколмга кўра, эркинлик, адолат ва тенгликни англатади. Шунингдек, Ислом афро-америкаликларга инсонлик эътибори билан «Худонинг ердаги ўринбосари (халифа)» мавқеини таклиф қилган, насронийлик эса уларни лаънатланган мавжудотга айлантириб қўйган». Бассей яна шундай таъкидлайди: «Христианлик афро-америкаликларнинг миясини ювди ва уларни ақлий, ахлоқий ва маънавий жиҳатдан энг қора миллат қаторига киритди.»

1952 йилда қамоқдан чиққанидан бошлаб, қора танли мусулмонлар ташкилоти сафини тарк этгунга қадар Малколм Икс нафақат ташкилотнинг энг кўзга кўринган вакили, балки унинг меъморлари ва қизғин тарафодирларидан бирига айланди. Малколмнинг ягона ташвиши узоқ вақтдан бери ижтимоий адолатсизлик ва институционал ирқчилик қурбони бўлган ўз халқининг аҳволини тубдан ўзгартириш эди. Унинг муддаоси ўз даврининг масъул шахсларига мавжуд аҳвол учун жавобгар эканликларини эслатиб, диққатларни қаратиш эди. У ўз-ўзидан нафратланиш, жоҳиллик ва гиёҳвандлик каби ҳолатларни давом эттирмаслик муҳимлигини бот-бот таъкидларди.

Илёс Муҳаммаднинг васийлиги остида Малколм ташкилотнинг вазирларидан бири сифатида янгича фикрлаш ва яшаш тарзига шўнғиди. Бундан ташқари, Малколм устози Илёсга алоҳида меҳр ва эҳтиром билан боғланган эди. Бундай буюк ҳурмат натижаси ўлароқ Малколм Аллоҳга бўлган садоқатини исботлаш учун тинимсиз ҳаракат қилди. Қуръонни ўқиш ҳамда устозидан ўрганган бошқа ҳамма илмларни Детройт ва кўплаб шаҳарлар кўчаларида динни янги қабул қилганларга ҳам ўргатишга шошилди.

Малколм жуда меҳрибон эди ва ҳамма муҳтожларга ғамхўрлик қиларди. Унинг ёрдамчиси бўлган Бенжамин Каримнинг сўзларига кўра, ҳеч қачон табассум қилмайдиган ва доимо маъюс кўринадиган бир аёл бор эди. Малколм буни пайқаб қолди ва бир куни ундан нега сира ҳам табассум қилмаслигини сўради. Бунга жавобан аёл оғзини очди, шунда Малколм унинг барча тишлари чириб кетганлигини кўрди. Малколм эртаси куни аёлнинг олдига келиб, қўлига тишларини даволатиш учун етарли пул тутқазди. Аёл бундан ҳайратда қолди. У ўша оқшомни унинг учун пул йиғиш билан ўтказганди.

Айтишларича, у кунига ўртача 18-20 соат ишларди ва кечаси ўртача 2 соат ухларди (бундан унинг рафиқаси Бетти шикоят қилган).

Малколм қора танлиларнинг миллатчилик ҳақидаги гурунгларига қўшилиб, уларни жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиш орқали мавжуд аҳволдан чиқиб кетишга ундай бошлади.

«Ислом Миллати» ташкилот сифатида одатда жамоат форумларида ва ижтимоий-сиёсий суҳбатларда қатнашмасди; аммо, Малколм ўзининг мунозарали риторикаси ва ижтимоий фаолликка ёндашуви орқали «Ислом Миллати»ни миллий саҳнага олиб чиқди ва унга сиёсий тус беришга уринди. Шу ердан зиддият юзага чиқиб, устози ва бошқа сафдошлари билан алоқасини узишга мажбур бўлди.

1952 йилдан 1963 йилгача «Ислом Миллати» аъзолари 500 дан 30 000 гача ўсди. Қўлга киритилган мислсиз шон-шуҳрат ва жамоат ишлари сабаб ФҚБ Малколм ва «Ислом Миллати»ни яқиндан кузата бошлайди.

Малколм ўзига қилинган ўлим таҳдидлари ва иккиюзламачилик шароитида «Ислом Миллати»дан чекинади. Аммо у учун диний тушунча ва ҳақни излаш жараёни давом этарди. У руҳий камолотга эришиш илинжида ҳажга боришга қарор қилди. Машҳур ғарб ёзувчиси Луи АДекааро Жере айтганидек: «Ҳаж Аллоҳга бўлган соғлом эътиқод ва ихлоснинг, гуноҳлардан покланишнинг ва барча мусулмонлар қардошлигининг тўлақонли ифодасидир ҳамда мусулмонларни Ислом остида бирлаштирувчи энг кучли омиллардан биридир».

Малколм учун бу зиёрат ҳаётидаги энг муҳим бурилиш нуқтасини, шунингдек, ҳақиқат талабидаги йўлининг ривожини англатар эди.

У рафиқаси Беттини эркалаб «Олма Бетти» деб атарди.

У Беттига севги мактублари ёзар ва у ва болалари учун совғалар сотиб олиб, сюрпризлар қиларди.

 Чет элда бўлганида завжасига намозни қазо қилмаслик кераклиги ҳақида телефон орқали бот-бот доим эслатиб турарди.

Майя Анжелунинг сўзларига кўра, Малколм Икс Бирлашган Миллатлар Ташкилотида нафақат ирқчилик, балки «жинсий айирмачилик»ка ҳам қарши курашган. У, шунингдек, аёлларнинг таълим олишини қаттиқ қўллаб-қувватлади ва аёлларни бир нечта энг юқори раҳбарлик лавозимларига олиб келди. Бинобарин, у қора танли эркакларни қора танли аёлларни зўрлашдан ва бошқа ҳар қандай жисмоний зўравонликдан ҳимоя қилишга чақирди.

Малколм юзлаб наркоманларга бу иллатдан қутулишга ёрдам берган.

У Маккага жўнаб кетишидан бурун – 1964 йил 3 апрелда ўзининг унутилмас нутқларидан бири – «Овоз ёки ўқ» деб ном берилган нутқини эълон қилди. Бу нутқ бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқларига бўлган эътибор ғоятда кучайиб бораётганидан дарак берарди. Малколм бир қатор сиёсий сценарийларни олға суриб, афро-америкаликларни сайлов жараёнида фаол иштирок этишга ундади. У тингловчиларини, агар уларнинг фаровон яшаши билан боғлиқ ижтимоий ва иқтисодий масалалар ҳал этилмаса, турли синфлар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган зўравонлик ҳақида огоҳлантирди. Малколм ушбу машҳур нутқида тингловчиларнинг инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқларга бўлган рағбатини ошириш йўлида мусулмонча эътиқоди ва ёндашувини биринчи ўринга қўйган эди.

Воиз нутқи якунида шундай деган эди: «Тўғри, биз мусулмонмиз, динимиз Ислом, лекин афсуски, биз сиёсатимиз, иқтисодий ва ижтимоий фаолиятимизни динимизга мослаштира олмаяпмиз». У энди сиёсатни ислом билан уйғунлаштирмоқчи эди. У инсониятнинг барча ҳамма соҳада тенг бўлиши учун кураши жараёнида ҳар бир ватандошнинг иштирок этишига эришишни мақсад қилган эди: «Биз ҳар қандай одам билан, ҳар қандай маконда, исталган вақтда ва ҳар қандай усулда ёмонликларни, жамиятимиз аҳлини қийнаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ёвузликларни даф қилиш йўлида ҳамкорлик қилишга мажбурмиз». Малколмнинг мақсади ўз аудиториясини нафақат АҚШдаги сиёсий ҳаракатларга ундаш, балки бутун дунёдаги тубжой халқларининг инсон ҳуқуқлари учун курашга бел боғлашларини ўз кўзлари билан кўриш эди.

Ягона Аллоҳга сиғиниш учун бунёд этилган энг кўҳна уй (Байтуллоҳ)да ҳаж арконларини бажараётиб, Малколм ўзи илгари эшитган ёки орзу этган нарсага шоҳид бўлди: турфа хил рангдаги ва турли ижтимоий даражадаги инсонларнинг бир эътиқод остида, ягона Илоҳга сажда учун тенгликка эришуви.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам таълим берган Исломнинг ҳақиқий моҳиятини онги ила фаҳм этган Малколм энди инсон дуч келадиган муаммоларга — Аллоҳ томонидан қадим замонлардан бери буюрилган ақида ва ибодатларни рад этиш, соддароқ айтганда, Аллоҳ буюрганидек яшамаслик бевосита сабаб эканини англади. Одамларнинг энг яхшиси Аллоҳга ихлос билан бандалик қиладиган ва ўзаро муносабатларда Аллоҳ буюрганидек йўл тутадиганлардир. Малколм барча одамлар мана шундай эътиқодни қабул қилганидан бошлаб, том маънода тенг яшашлари мумкинлигини тушуниб етди. У таассуротларини бундай ифодалайди: «Мен ҳеч қачон бу ердагидек (Байтуллоҳдагидек) самимий меҳмондўстлик ва ҳақиқий биродарлик руҳининг гувоҳи бўлмаганман. Қадимги Муқаддас заминда, ҳазрати Иброҳим ва бошқа барча пайғамбарлар Парвардигорининг Уйида ҳар хил ранг ва ирққа мансуб одамлар биродарлик остида бирлашадилар. Келганимга бир ҳафта бўлган бўлса-да, кўрганларимдан ниҳоятда ҳайратландим. Атрофимдаги турфа рангли одамларнинг менга кўрсатган самимий муомаласи руҳимга ажиб илиқлик олиб кирди. Муқаддас Макка шаҳрини зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлдим... Дунёнинг турли бурчакларидан ўн минглаб зиёратчилар бор эди. Улар кўк кўзли сариқ ранглилардан тортиб қора танли африкаликларга қадар турфа хил рангда эди. Бироқ биз ҳаммамиз фақат битта ибодатни адо этдик, Америкадаги тажрибаларимдан келиб чиққан оқлар ва оқ бўлмаганлар ўртасида ҳеч қачон уйғунлик бўлмайди, деган қарашимга терс ўлароқ, бу ерда ҳаммамиз ўзаро бирдамлик ва биродарлик руҳини намойиш қилдик».

АҚШда Малколм афро-америкалик эркак сифатида ижтимоий, иқтисодий ва ирқий адоватга дучор бўлганди, аммо Муқаддас заминда унга тамомила ҳурмат билан муносабатда бўлишди. Шундан сўнг Малколм Икс илк бора оқ танли одамни душман сифатида эмас, балки ўз дўсти, биродари сифатида ҳис қилди.

У бутун инсониятга нисбатан уйғонган хайрихоҳлик туйғуларини Америкага ҳам ўзи билан олиб кетди. Айни пайтда ўз халқини иккига айириб келаётган ирқ муаммосини ҳал қилишдан бош тортгани сабаб Америка давлатидан ҳисоб сўраш йўлидаги сиёсий огоҳлик ва ҳушёрлигини ҳам йўқотмаганди.

Малколм фақирликда яшади, моддият билан чиқишмас, уни рад этарди ва шу орқали ўзини дунёвий лаззатларидан тўсарди. «Ислом Миллати»даги фаолиятининг аввалида у «камбағаллик қасами»ини ичганди. Гарчи у Ислом миллатидан маълум миқдорда пул олиб турган бўлса-да, кимники пулга муҳтожликда кўрса, ўзидаги борини унга бериб юборарди. Унинг эски бир машинаси бор эди, у бузилиб қолган вақтларида, пиёда юрар ёки автобусдан фойдаланарди ва бундан мамнун эди. У «Ислом миллати» ташкилотидан ажралгач, маошсиз қолди. Шунда у шу қадар қўли қисқа бўлиб қолдики, Макка зиёрати (Ҳаж) учун ҳатто янги оёқ кийим сотиб олишга қурби етмади. Ҳажга бориш пулини ҳам ўгай синглиси Элла Коллинз берганди. 1964 йил декабрь ойида Оксфорд университети ва Лондондаги масжид талабалари Малколм Икснинг оёқ кийимида тешик борлигини пайқашган. Ташкилотни тарк этганидан сўнг, «Ислом миллати» уни ва оиласини ўзига берилган уйдан чиқариб юбориш учун унга қарши даъво аризаси берган эди. «Ислом миллати» суд жангида ғалаба қозонди ва 1965 йилнинг февралида уйдан чиқиб кетиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Умрининг сўнгги ҳафтасида Малколм ва унинг оиласи бошпанасиз қолди. Агар уй ёнғинга учрамаганида эди, улар ўша ҳафтанинг ўзида ҳайдалган бўлишарди. Суиқасд куни ўзининг тўртта қизига янги кийим сотиб олиш учун пул йиғмоқчи бўлган эди, чунки қизларнинг кийимлари ёнғин вақтида ёниб кетганди. У вафот этганида бисотида бор йўғи 150 доллар бўлган.

Малколм ҳеч қачон ўзининг янги фалсафасини комил ривожлантириш имкониятига эга бўлмади. «Мен ҳеч қачон кексалик ёшига етмасам керак, деб ўйлайман», деган эди у ўзининг биографиясини ёзган Алекс Хейлига. Дарҳақиқат, 1965 йил 21 февралда Ҳарлемдаги Аудубон бал залида, бир неча юз кишилик аудитория олдида нутқ сўзлашга тайёргарлик кўраётганида уни уч киши отиб ўлдирди. Ўшанда у атиги 39 ёшда эди.

У Ислом ҳақида шундай деган эди: «Америка Исломни тушуниши керак, чунки бу унинг жамиятидаги ирқий муаммоларни йўқота оладиган ягона диндир. Мусулмон оламига қилган саёҳатларим мобайнида мен Америкада оқ танли деб ҳисобланиши мумкин бўлган, бироқ Ислом дини уларнинг онгидан оқ ирқ устунлиги зеҳниятини олиб ташлаган одамлар билан учрашдим, суҳбатлашдим, ҳатто улар билан овқатландим. Рангидан қатъи назар, барча биргаликда кечирган бундай самимий ва ҳақиқий биродарликни умрим бино бўлиб кўрмаганман.

Мен айтаётган бу сўзлар сизни ҳайратда қолдириши мумкиндир, эҳтимол. Бироқ бу зиёратда мен шоҳид бўлган ва бошдан кечирган нарсалар менинг илгариги фикрлаш тарзимни қайта кўриб чиқишга ва олдинги хулосаларимни бир четга суриб қўйишга мажбур қилди. Ўзимнинг қатъий позиция ва принципларимга қарамай, мен ҳар доим фактларни мардона тан олишга, янги тажриба ва янги билимлар пайдо бўлиши асносида ҳаёт ҳақиқатларини борича қабул қилишга интиладиган одамман. Мен мудом очиқ фикрли бўлишга, ҳақиқатни (Ҳақни) оқилона йўл билан қабул қилишга ҳаракат қилиб яшадим...»

«Мен шуни англадимки, агар оқ танли америкаликлар Худонинг яккаю ягоналигини қабул қилсалар, эҳтимол шундагина инсоннинг ҳам асли бирлигини қабул қилган, ранглардаги тафовутларга қараб бошқаларга баҳо беришни, уларга тўсқинлик қилишни ва ёки уларга зиён етказишни тўхтатар эдилар».

Инсониятнинг тўртдан бир қисмини ташкил этувчи икки миллиарддан зиёд кишининг эътиқоди саналмиш Ислом динининг бирлаштирувчи кучига бундан ортиқ қандай гувоҳлик бўлиши мумкин? Бу Малколм Икс ишонган, дунёни ирқчилик иллатларидан халос қила оладиган ягона эътиқоддир. Ислом ирқий ёки миллий устунлик ғояларини рад этувчи ва барча одамларнинг олий экани уларнинг фитрий ҳуқуқи дея эътироф этадиган диндир.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.