11.12.2023 20:08
Фаластин қаршилик ҳаракати асосчиси шайх Иззуддин ал-Қассом ким?
Фаластин қаршилик ҳаракатининг асосчиси шайх Иззуддин ал-Қассомдир. Куни кеча (20.11.2023) ушбу Фаластин инқилобининг асосчиси ва илҳомлантирувчиларидан бири шаҳид бўлганига 88 йил тўлди.
Дастлабки йиллар | Сурия
Иззуддин Абдулқодир ибн Мустафо ибн Юсуф ибн Муҳаммад ал-Қассом 1882 (ҳ. 1299) йили Суриянинг ғарбида, Латакия жанубида жойлашган Жабла деган кичик порт шаҳрида туғилган. У ўзи туғилиб ўсган шаҳардаги масжид ва мактабларда катта бўлди, бошланғич ва диний таълимни шу ерда олди. Кейинчалик отаси уни ва укаси Фахриддинни Мисрдаги Ал-Азҳар университетига ўқишга юборди. Иззуддиннинг кейинги 8 йиллик умрини шу илм даргоҳида диний илмлар (фиқҳ, тафсир ҳадис илми ва бошқа илмлар)ни қунт билан ўрганиб ўтказди ва айнан Ал-Азҳарда у илк маротаба "Ислом уйғониши" ҳақидаги фикрлар билан танишди.
У ислом илмлари бўйича ижоза (малакасини тасдиқловчи халқаро лицензия)ни қўлга киритгач, она шаҳри Жаблага қайтди.
Ўша йилларда Миср Британия мустамлакаси остида эди. Шайх Ал-Қассам инглизлар Ғарб маданиятини бу мамлакатга қандай қилиб сингдириб, одамларни исломий қадриятлардан узоқлаштирганини англаб етиб ҳайрон қолди ва қаттиқ изтиробга тушди.
Чуқур илм ва кенг дунёқараш эга бўлган Ёш Шайх Ал-Қассам ўз ватанида ишни таълимдан бошлади, унча маълумотга эга бўлмаган ҳамшаҳарларига нафақат Аллоҳ таолонинг динини, балки оддий ўқиш, ёзиш, ҳисоб ва бошқа кўникмаларни ҳам ўргата бошлади. Чунки ўша йилларда бу ерларда саводсизлар сони жуда катта эди. Бундан ташқари, у ўз шаҳри аҳолисини намоз ўқишга ва Рамазон ойида рўза тутишга ундади.
Бироз вақт ўтгач, у Жабла шаҳридаги Мансурий масжидининг имоми бўлди, шу туфайли атрофига кўп одамларни тўпланди, илми, ихлосли ҳаракати натижасида катта обрў қозонди. Унинг ваъзларини тинглаш учун нафақат шу шаҳардан, балки бутун қўшни вилоятлардан ҳам одамлар оқиб кела бошлади. У ҳамма билан жуда илиқ ва дўстона муносабатларни ўрнатди, кишилар уни теран тафаккурли, билимли ва солиҳ инсон деб таърифлашарди.
Инқилобий фаолиятнинг бошланиши | Ливия, Сурия, Фаластин
1911 йилда Ливияда италян босқинчиларига қарши миллий озодлик кураши бошланганида, Шайх Иззуддин ал-Қассом Сурияда ливияликларни қўллаб-қувватлаш учун катта намойишлар уюштирди, Ливиядаги биродарларга ёрдам учун хайр-эҳсонлар тўплади. Сурия аҳолисидан қурол-аслаҳа ва бошқа зарурий захираларни қардош Ливия халқига юборди.
Ал-Қассом қурол ва пул йиғишдан ташқари, жума намозида Ливиядаги жиҳод (муқаддас уруш) учун кўнгиллиларни чақирди. Турли манбаларга кўра, у ўз туманида 60 дан 250 гача мужоҳид кўнгиллиларни тўплаб, Усмонли ҳукуматидан уларни Ливияга юбориш учун бир кема ажратишини сўради. Аммо яқинда Султон Абдулҳамид II ни тахтдан ағдарган Ёш турклар вакили бўлган миллатчи, пантуркист ҳукумат араб минтақаларининг аҳволига унчалик аҳамият бермади. Улар бор диққат-эътиборини Болқон чегараларига қаратгани учун Ал-Қассомга ёрдам беришдан бош тортишди ва Ливияни (ўша пайтда бу ерлар Усмонийлар назорати остида эди) италияликларнинг парчалаши учун қўйиб беришди.
Сурия
1920 йилда Сурия француз босқинчилари томонидан босиб олинди ва француз мандати томонидан назорат қилинди, аммо Ҳалаб ва Латакия Умар ал-Битар ва Иззуддин ал-Қассом бошчилигидаги аҳоли ашаддий қаршилик кўрсатган минтақалар бўлиб чиқди. Улар босқинчи келгиндиларга қаттиқ қаршилик кўрсатди, узоқ вақт давомида уларга қарши партизан урушини муваффақиятли олиб борди. Бу йиллар давомида Ал-Қассом қўзғолонга кўп сонли ватандошлари, асосан ўзи кўнгилли сифатида Ливияга жўнатиш учун тўплаган ва охир-оқибат ўз ватанида фойдали бўлган тарафдорларининг ҳаракатларини бошқариш билан етакчилик маҳоратини юксалтирди.
Умар ал-Битар француз босқинчилари томонидан ўлимга ҳукм қилиниб, Туркияга қочишга мажбур бўлганидан кейин унинг одамлари ҳам Ал-Қассом сафдошларига қўшилди.
Қассамнинг қуроллли одамлари душман билан жуда муваффақиятли урушди, аммо вақт ўтиши билан французлар уларни Жабладан ҳайдаб чиқаришга муваффақ бўлди ва Ҳалабга кўчиришга мажбур қилишди. Иззуддин қўшини у ерда у бошқа инқилобчи Иброҳим Ҳанану билан бирлашди.
Фаластин
Французлар Сурия қўзғолонини муваффақиятли бостиргандан сўнг, Ал-Қассамни қўзғолонга бошчилик қилгани учун сиртдан ўлимга ҳукм қилишди, бу эса уни 1921 (ҳижрий 1340) йилда Фаластинга кўчиб ўтишга мажбур қилди. Иззуддин ал-Қассам соҳил бўйидаги Ҳайфа шаҳридаги маҳаллий мадрасада воизлик фаолиятини давом эттирди.
Шайх мадрасада одамларга дарс бериш билан бир вақтда Ал-Истиқлол масжидида воизлик ҳам қилди. 1926 йилда Ҳайфа шаҳридаги Мусулмон ёшлари жамиятига аъзо бўлган олим тез орада унинг раҳбарига айланди. 1929 йилда эса шариат қозиси этиб тайинланди. Бу ишларнинг барчаси шайхга инсонлар билан мулоқот қилиш, уларни яқиндан таниш, улар билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиш, ўртада ишонч кўприкларини қуриш ва уларнинг муҳаббатини қозониш имконларини берди.
Айни пайтда Британия истилоси остидаги Фаластинда сионистлар хавфи кундан кунга ортиб борарди. Ал-Қассом, Британия сионист кўчманчиларга майда-майда бўлакларга бўлиб топшираётган Фаластин ерларида қурилаётган яҳудий аҳоли пунктлари қанчалик хавфли эканини тезда англаб етди. У, айниқса, фаластинлик собиқ фермерлар билан мулоқотда бўлганида, инглизлар қандай қилиб уларнинг мулкларини тортиб олиб, янги келган яҳудийларга топширганларини айтиб беришганида, аҳволнинг аянчли эканини чуқурроқ ҳис қилди.
Ал-Қассам Фаластин ҳудудлари зудлик билан “эриб” бораётганини кузатар экан, жим ўтира олмади ва агар Британия мустамлакачилигига қаршилик кўрсатилмаса, 95% аҳолиси мусулмон бўлган Фаластин ерлари тез орада Европадан келган сионистлар қўлига тўлиқ ўтиб кетишини аниқ англади..
Қаршилик ҳаракати кучларини ташкил этиш ва тайёрлаш
Ал-Қассом яширин ҳарбий инқилобий ҳаракатни ташкил қила бошлади, Суриядаги инқилобдан тўплаган катта тажрибаси Фаластин мужоҳидларини ҳарбий ва диний тайёргарликдан ўтказишда асқатди.
Шайх Иззуддин ал-Қассом ташкилотчилик, кадрлар танлаш, раҳбарлик, таъминот ва қурол-яроғ билан таъминлашда фавқулодда қобилиятли эди. Бундан ташқари, у ўз жангчиларининг ижтимоий ҳаётига катта эътибор қаратар, уларга ва уларнинг оилаларига турли йўллар билан ёрдам бериш орқали яшаш шароитларини яхшилашга ҳаракат қиларди. У камбағалларга, айниқса, Британия истилосидан кейин ҳамма нарсадан маҳрум бўлганларга ёрдам берди, уларни қўллаб-қувватлади, саводхонлик ва биим даражаларини оширди, шу билан бирга ўз сафдошлари янги-янги тарафдорлар билан ошириб борди.
Ал-Қассом ўзининг инқилобий ҳаракатида янги аъзоларни ёллаш учун масъул бўлган "инқилобга даъват бўлими", ҳаракатнинг сиёсий дастури билан шуғулланадиган "сиёсий алоқа бўлими", "ҳарбий тайёргарлик бўлими", "қурол сотиб олиш бўлими", "разведка бўлими" каби бир нечта бўлинмаларни ташкил қилди.
Партизанлар уруши
1935 йилда (1354 ҳижрий) Ал-Қассом Женин, Наблус ва Тулкарм каби Ғарбий Соҳил шаҳарларида амалиётлар ўтказа бошлади, инглиз зобитларига ўнлаб муваффақиятли ҳужумлар уюштирди, озиқ-овқат йўллари, темир йўллар ва бошқа кўп алоқа тармоқларни бузди. Бундан ташқари, Ал-Қассом қўшинлари инглизлар билан ҳамкорлик қилган хоинларни аниқлаб, уларни йўқ қилди. Ўша йилларда инглиз аскарларининг асосий қўрқуви тунги қўшинлар эди, ўшанда Ал-Қассам кучлариси қоронғу зулматда уларнинг қалбига қўрқув ва даҳшат солган эди.
Иззаддин ал-Қассом бошчилигидаги операциялар муваффақияти ошгани сари унинг қаршилик ҳаракатига шунчалик кўп одамлар қўшила бошлади.
Муқаддас уруш ва инқилобнинг эълон қилиниши
Тахминан 1935 йил ноябрида 11 нафар мужоҳид Шайх Иззуддин ал-Қассом билан биргаликда Ғарбий Соҳилдаги Женин шаҳрида инглиз босқинчиларига қарши расман жиҳод эълон қилди ва Британия мандатини ағдариш учун Фаластинда қўзғолон ва инқилоб яратиш ниятларини очиқлади.
Бундай шов-шувли баёнотдан сўнг, инглиз ишғол ҳукумати шайхнинг “бу камситишларига” ортиқ тоқат қилолмади ва агар у тўхтатилмаса, у ўз режаларини амалга оширишини тушунди.
1935 йил 15 ноябрда ишғолчи инглиз қўшинлари разведка тармоғи орқали Шайх ал-Қассомнинг жойлашган жойини билиб, унга ва унинг қўшинларига қарши ҳарбий операция ўтказа бошлади. Узоқ ва шиддатли жанглардан сўнг, инглизлар катта талофатларга учради. Аммо барибир уларнинг сон ва қуро-аслаҳа жиҳатидан катта устунликка эга экани ўз таъсирини кўрсатди, улар 1935 йил 19 ноябрда Ал-Қассам қўшинларини қамал қилиб, уларнинг қўшни қишлоқлар билан алоқаларини кесиб ташлашга ва тўлиқ ўраб олишга муваффақ бўлди.
Шаҳидлик
Қийин вазиятда қолган Ал-Қассомнинг олдида бир неча йўл қолган эди: ё қўрқоқлик билан қочишга уриниб кўриш, ёки Британия ҳукуматига таслим бўлиш ёхуд тенгсиз жангда курашни давом эттириш. Ал-Қассам ва унинг қуролли биродарлари охиригача курашишга қарор қилишди.
6 соат давомида мужоҳидларнинг кичик отряди бутун бошли Британия армиясининг ҳарбий бўлинмаларига қарши курашди, камида 15 британиялик аскар ҳалок бўлди. Афсуски, бу тенгсиз жангда мужоҳид Шайх Иззуддин ал-Қассом қаттиқ ярадор бўлди, икки мужоҳид шериги билан бирга қўлида қуролини тутган ҳолда шаҳодат шарбатини ичди. Омон қолганларнинг ҳаммаси, жумладан ярадорлар ҳам асирга олиниб, узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Фаластин халқи шайх ал-Қассомнинг ўлимидан карахт аҳволга тушди. Унинг дафн маросимига дунёнинг турли бурчакларидан жуда кўп одамлар келишди.
Ал-Қассомнинг фаолияти барҳаёт
Ҳамас исломий қаршилик ҳаракати бу қаҳрамон хотирасини абадийлаштирди ва унинг шарафига Фаластиндаги энг жанговар ҳарбий ташкилотлардан бири -- ҲАМАС ҳаракатининг ҳарбий қанотига Иззуддин ал-Қассам номини берди.
Ҳамасдан ташқари Фаластиннинг деярли барча партия ва ҳаракатлари ҳар йили унинг шарафига турли тадбирлар ўтказади. Фаластин халқи бу олижаноб жангчини Фаластин мустақиллиги, исломий ва мусулмонларнинг бирлиги ва озодлиги учун биринчилардан бўлиб курашган қаҳрамон шахс сифатида ёдга олади.