10.01.2024 20:52
Салжуқ Байроқдор – дунё мусулмон ёшлари қаҳрамони
Муҳандис, изланувчи ва ихтирочи, ўз юртида техналогия соҳаси етакчисига айланиб улгурган Салжуқ Байроқдор 1979 йилда Туркиянинг Истанбул шаҳрида туғилган. Баъзилар уни “Турк ҳаво дронлари отаси” деб аташади ва асли насли суриялик бўлган ихтирочи Стив Жобсга ўхшатишади.
Салжуқ Байроқдор дунё бўйлаб техналогия соҳасига қизиқувчи ёшлар учун аллақачон қаҳрамонга айланиб улгурди.
2016 йили Туркия Жумҳурияти президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг қизи Самийяга уйланиши натижасида давлат раҳбари билан қариндошлик алоқаларини боғлади. У ясаган дронлар баъзи тўқнашувли ҳудудларда кўрсатган натижалари туфайли бир неча орден ва мукофотлар соҳибига айланди.
Болалик даври
Салжуқ Ўздемир Байроқдор 1979 йил 7 октабрда, Истанбул шаҳрида, бой ва муҳофазакор оилада дунёга келди. Отаси Ўздемир Байроқдор сиёсатчи ва тижоратчи бўлиб, ўтган асрнинг 90-йилларида Эрдоғон тарафдори сифатида сиёсат билан шуғулланган. Бугун довруғи дунёга достон бўлган дронларни ишлаб чиқарадиган “Байкар” ширкатига айнан ота Байроқдор тамал тошини қўйган эди. У 2021 йилгача – умрининг охирига қадар ушбу ширкат раҳбари лавозида фаолият юритди.
Онаси Жанон Байроқдор 1971 йилда Истанбул университетининг иқтисод факультетини тамомлаган. Туркия Саноат тараққиёти банкида ишлаган. У Туркиядаги кашшоф аёл компьютер дастурчиларидан бири эди. Кейинчалик эса эри билан қурган оилавий ширкатда фаолият олиб боради. Бу ҳол ўғиллари Салжуқ, Холуқ ва Аҳмадларнинг самолётлар оламига киришига ва уни ясаш сир-асрорларига қизиқишига сабабчи бўлди.
Жанон Байроқдор ўғилларини қўллаб-қувватлаб, бу ишнинг сир-синоатларини ўргатар экан, уларга шундай дер эди: “Ўғилларим, сизларга берган оқ сутим ҳаққи, ҳар хил тўсиқлар, фитна ва қўрқитиш сиёсатларига қарамай, биз ишлаб чиққан технологияни Турк армиясининг шарафли ўғлонлари хизматига тақдим қилмасангиз, мен сизни муваффақиятсиз деб ҳисоблайман ва норози бўламан!” Байроқдорларнинг муваффақиятига айнан онанинг шундай матонати ва қатъияти сабаб бўлган, десак янглишмаймиз.
Жанон Байроқдор ҳозир ҳам “Baykar Finance Group” ширкати раҳбари лавозимида ишламоқда.
Таълим босқичи
Салжуқ бошланғич таълимни ўз туманидаги бошланғич мактабда олди. Сўнгра ўқишни Истанбулдаги америкача усулда таълим берувчи “Роберт” номли коллежда давом эттирди. 1997 йили ушбу коллежни тамомлаб, Истанбул Техника университетининг “Электроника ва алоқа муҳандислиги” бўлимига ўқишга қабул қилинади.
Университетда ўқишлари давом этаётган бир даврда унга янги уфқларни очган, энг юксак маҳоратларни эгаллашга ёрдам берган, отасининг “Байкар” ширкатини ривожлантириш орзусини рўёбга чиқаришига сабабчи бўлган Американинг Пенсильвания университетига малака ошириш учун ҳужжат топшириб, у ердаги олтин даврини бошлайди. Малака ошириш муддати тугаганидан сўнг Туркияга қайтади. Бу даврда у бакалаврни битириб бўлиб, “Самолётларни ривожлантириш” бўлимида магистратура босқичидаёқ учувчисиз самолётлар ясаб бериш ваъдаси эвазига университетдан грант олишга муваффақ бўлади. Бу унинг 2002 ва 2004 йиллар орасидаги натижалари эди.
Магистратурадаги ажойиб натижаларидан сўнг, бир пайтнинг ўзида иккинчи, Американинг Массачусетс университетидан самолётни учувчисиз бошқариш бўйича техналогия йўналишида ўқиш учун грантни қўлга киритади.
Бу даврда у университетнинг электрон муҳандислари сифатида ишлаётган икки машҳур проффессор: Жорж Поппес ва Эрик Фейронларга ассистент бўлиб ишлашга муваффақ бўлади. Бу унга халқаро миқёсда йўловчи ташувчи самолётлар, уларни бошқариш ва тизимлаштириш борасида амалий изланиш олиб боришига имкон берди.
Амалий тажриба
2007 йил таълимни тамомлаганидан сўнг Туркияга қайтиб, “Байкар” ширкатида техник назоратчи лавозимида иш бошлади. 2021 йилга келиб, отасининг ўлимидан сўнг ширкат бошқарувини ўз қўлига олди. У Туркияда ишлаб чиқарилган учувчисиз учиш қурилмаларини яратишда парвозларни бошқариш, авиация тизимлари муҳандислиги, навигация алгортмларини ишлаб чиқиш, тизимлар динамикаси ва ҳаракати, ўрнатилган дастурий таъминот ва электрон қурилмаларни ишлаб чиқш каби турли соҳаларга эътибор қаратди.
Байроқдор 2017 йилда ёшларни илмга рағбатлантириш ва технологияга қизиқиши бор ёшлар учун бу соҳада ҳар хил лойиҳаларни жамоа бўлиб ташкиллаштиш мақсадида “Туркия Технология Жамоаси” уюшмасига асос солиб унга раҳбарлик қилади.
“Байроқдор TB2” номли учувчисиз дронларни йўналтириш ва бошқаришга оид лойиҳани ишлаб чиқди. Туркиянинг “Курдистон Ишчилар Партияси”га қарши жангларида, Сурия ва Ливиядаги жангларда бу лойиҳа муваффақиятли синовдан ўтди. Шунингдек, у турк армияси арсеналига киритилган биринчи дрон бўлмиш “Байроқдор Мини”ни лойиҳалаштира олди, шундан сўнг мамлакатдаги биринчи учувчисиз ҳужум тизими ҳисобланган “Байроқдор Акинжи” тизимини ишлаб чиқди ва 2021 йил 29 августда қуролли кучларга топширди.
Байроқдор Туркиянинг учувчисиз учар жиҳозлар технологиясидаги устунлигининг яққол белгиларидан бири бўлган, 2023 йилдаги илк синовлардан муваффақиятли ўта олган, 35 минг фут баландликка кўтарилиб, тезлиги соатига 1224 километрдан ошиши билан ажралиб турадиган “Қизил Олма” учувчисиз ҳарбий самолётини яратишда муваффақ бўлди. Шунингдек, бу қурилма 1.5 тонна ракета ва озиқ-овқат захираларини таший олади. Унинг сўнгги парвози 5 соат давом этди.
Салжуқ Байроқдор 2023 йил 27 апрелда авиация, коинот ва технология соҳасидаги энг йирик, Туркияда ёш иштирокчиларнинг истеъдодларини кашф этишда муҳим восита ҳисобланган, ҳукумат инситутлари кўмагида ракеталар ва бошқа технологик инновацияларини намойиш этган “Техновест” космик технологиялар фестивалининг ташкил этилишига раҳбарлик қилди.
Мукофот ва ютуқлар
“Байроқдор TB2” дронларининг Тоғли Қорабоғ урушида ўйнаган катта роли туфайли Салжуқ Байроқдор 2021 йил 1 апрелда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев томонидан Қорабоғ миллий ордени билан тақдирланди.
2022 йил 2 октабрда Россия-Украина урушида турк дронларининг қўшган муҳим ҳиссаси учун Украина Президенти Владимир Зеленский томонидан “Халқаро хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
Байроқдор 2023 йил 18 октабрда Мали давлати раҳбари томонидан мамлакатга технологик соҳада кўрсатган ҳиссалари ва хизматлари учун давлатнинг энг юқори миллий медалига лойиқ кўрилди. Шунингдек, у 2015 йилда Турк патентлаштириш институтидан самолётлар учун автоматик қўниш ва учиш тизими, иш шароитидаги ўзгаришларни аниқлай оладиган бошқарув тизими, захира нуқтали парвозни бошқарувчи 3та тизим ва акс-садо ўлчаш мосламаси бўйича 4 та патент олди.
Хайрия ишлари
Байроқдор кўрсатган хизматлар ичида яна кўзга кўрингани шуки: Коронавирус (Covid-19) пандемияси даврида 2020 йил 22 март куни у Twitter платформасидаги шахсий аккаунти орқали Туркияда бошқа компаниялар билан ҳамкорликда 5000 та респиратор ишлаб чиқаришга техник ёрдам кўрсатишини эълон қилди ва бу эълондан бир ой ўтиб ваъда қилинган ёрдамни амалга оширди. Бундан ташқари, 2023 йил 6 февраль кунида содир бўлган Туркия жанубидаги “Қаҳрамонмараш” зилзиласида жабрланганларга ёрдам сифатида минглаб контейнер-уйлар ҳамда 650 миллион турк лираси миқдоридаги хайрияни амалга оширди.
Салжуқ Байроқдор мустаҳкам ва соф эътиқодли мусулмон, ватанпарвар зиёли ва илғор технологиялар соҳасида пешқадам экани билан Туркия ҳамда бутун дунё мусулмон ёшларига ўрнак бўлишда давом этмоқда.