06.08.2024 18:30

Қуръондаги ғайбий хабарлар: Расулуллоҳнинг Аллоҳ ҳимоясида бўлишлари

Пайғабаримиз алайҳиссаломнинг Аллоҳ муҳофазасида эканлари Моида сурасининг 67-оятида бундай баён қилинади: “Аллоҳ Сизни одамлар (зарари)дан сақлагай”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ояти карима тушмасидан олдин Мадинага ҳижрат қилганлар. Яҳудийлар у зотга: “Эй Муҳаммад, биз кўпчиликмиз, қуролларимиз ҳам кўп, агар даъвонгдан ва динингдан воз кечмасанг, сени ўлдирамиз”, дейишганди. Шундан кейин ансордан ва муҳожирдан юз киши Пайғамбар алайҳиссаломни қўриқлайдиган бўлишди. Яҳудийларнинг суиқасдидан хавфсираб, тунлари кўз-қулоқ бўлиб тонг оттиришар, қаерга борсалар, ёнларида юришарди. Юқоридаги оят тушганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй одамлар, борадиган жойларингизга боринг, энди мени қўриқлаб ўтирманг, шубҳасизки, Аллоҳ мени инсонлардан муҳофаза қилади”, дедилар.
Аллоҳ таолонинг ваъдасидан сўнг Пайғамбаримиз алайҳиссалом қоронғу тушган пайтларда, ярим тунда ҳам Мадина водийларида танҳо кезардилар. Жонларига қасд қилиш ниятида бўлганлар мақсадларини амалга оширишолмасди.
Яъни Қуръон келажакдан берган бу хабар ҳам тўғри чиққан, душманлари қанчалик хоҳлашмасин, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга дахл қилишолмаган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.