15.07.2024 19:43

Қуръондаги ғайбий хабарлар: Макка фатҳи

Қуръони карим - Аллоҳнинг каломидир. Ундан бир қатор ғайбий хабарлар ҳам ўрин олган бўлиб, ушбу ғайбий хабарларга бағишланган рисоламизнинг навбатдаги қисмида Макка фатҳи ҳақида суҳбатлашамиз. 


Фатҳ сурасининг 27–28-оятларида шундай марҳамат қилинади: “Қасамки, Аллоҳ ўз пайғамбарига (у кўрган) тушни рўёбга чиқарди, албатта, сизлар (эй мўминлар!) Масжидул Ҳаромга эмин-эркин, бошларингизни (сочларингизни) қирдирган ва (ёки) қисқартирган ҳолларингизда қўрқмасдан кирурсиз, иншааллоҳ. Бас, (Аллоҳ) сизлар билмаган нарсани билиб, ундан (Макка фатҳидан) олдин яқин бир ғалабани (Хайбар ғалабасига эга) қилди. У ўз пайғамбари (Муҳаммад)ни ҳидоят ва Ҳақ дин (Ислом) билан, у (дин)ни барча дин(лар)га ғолиб қилиши учун юборган зотдир. Аллоҳнинг ўзи (бунга) етарли гувоҳдир”.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Мадинада эканлар, тушларида мўминларнинг бемалол Масжидул Ҳаромга кириб, Каъбани тавоф қилишаётганини кўрдилар. Бу хушхабарни асҳобга билдирдилар. Чунки муҳожир мусулмонлар ҳижрат қилиб чиқиб келишганидан бери Маккага боришолмаётганди.

Аллоҳ таоло Ўз ҳузуридан ёрдам ва қўллов сифатида Фатҳ сурасининг 27-оятини ваҳий қилди ва тушларининг тўғри эканлигини, агар Ўзи хоҳласа, мўминларнинг Маккага кира олишларини билдирди.

Ҳақиқатан ҳам, бир муддат ўтиб, олдин Ҳудайбия сулҳи тузилди, ортидан Макка фатҳ этилди. Мўминлар хавф-хатарсиз Масжидул Ҳаромга кириб бордилар. Шу тарзда оятда айтилган икки ғайбий хабар тасдиғини топди. Мусулмонлар Маккани фатҳ қилишди ва ҳақ дин  Ислом барча динлар устидан ғолиб бўлди.

Лекин бир нарсани ҳам унутмаслик ва оятларга қуйидагича нуқтаи назар билан ёндошиш керак. Кўкламнинг бошида баҳордан хушхабар етказиш осон. Лекин қишнинг ўртасида кўкламдан башорат бериш мушкул иш. Қуръонда келган хабарлар ҳам қиш ўртасида навбаҳорни суюнчилаш кабидир.

Зеро, мазкур оятлар тушган пайтда мусулмонлар жуда ожиз ва сон жиҳатидан камчилик эди. Ҳижрат қилишга мажбур бўлиб, ватанларини, бору йўқларини ташлаб чиқишганди. Каъба зиёратига келишган вақтда ҳам Макка мушриклари изн бермагани учун маҳзун ҳолда Мадинага қайтишганди. Ана шу пайтда Қуръон уларнинг Каъбага омонликда киришларини ва Исломнинг бошқа динлар устидан ғолиб келишини билдирди ҳамда бу ҳақиқатга айланди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.