12.11.2024 17:02
Тарихга назар: Совет Иттифоқи Исломга қарши қандай курашган?
Тарихимизнинг қора кунлари – большевиклар босқини даврига назар ташласак бугун ҳам аксар постсовет мамлакатларида қўлланилаётган Исломга қарши кураш усулларига кўзимиз тушади.
Жумладан, 1925 йилда динга қарши фаол ташвиқот билан шуғулланган "Жангари атеистлар иттифоқи" (ЖАИ) тузилган. Ушбу ташкилотнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат эди:
- Исломий китобларни йўқ қилиш;
- динга қарши адабиётлар яратиш;
- аҳоли орасида Исломга қарши ташвиқотни кенг ёйиш.
Ўша пайтда ЖАИ динга қарши ғояларни тарғиб қилишда асосий воситага айланди. Ҳатто 1930 йилга келиб ташкилот аъзолари 6 миллионга етган. Ташкилот атеистик қарашларни тарқатиш кампанияларини уюштирди: турли маърузалар, кўргазмалар ташкил қилди. Исломни обрўсизлантиришга қаратилган қатор тадбирлар ўтказди. ЖАИ аъзолари диний адабиёт ва артефактларни ҳам йўқ қилган.
Аслида, Туркистонда СССР тузумини ўрнатишга бўлган ҳаракатларнинг илк давриданоқ Исломга қарши кураш большевиклар сиёсатининг бир қисми эди. Мисол учун, 1921 йилда атеистлар томонидан Туркистон мусулмонлари учун 10 минг нусхада ташвиқот плакатлари нашр этилган эди. Унда ҳижобини ечиб, қўлида қизил байроқ тутган ёш қиз тасвирланган. Баннерда эски ўзбек ёзувида "Мен ҳам энди озодман" сўзлари ёзилган эди. Аслида бу "озодлик" замирида босқинчиларнинг бошқа қора ниятлари яширинган бўлиб, улар кейинчалик бу режасини амалга оширишди: улар ўзларининг алдовлари ёрдамида муслималарни шарафли иш – уммат тарбиясидан мосуво қилиб, пахта далаларида қулдек ишлатишди.
Кейинчалик, Совет ҳукумати динга қарши кураш учун турли оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган. Динни танқид қилувчи, мусулмонларни илм-фан ва тараққиётдан узилиб қолган кишилар сифатида талқин қилувчи мақолалар, китоблар ва рисолалар нашр этилди. Мактаб ва университетларда атеистик қарашлар фаол равишда ўргатилди.
Совет давлати барча диний ташкилотларни, жумладан исломий ташкилотларни ҳам назорат қилишга интилди. Масжидлар ва бошқа диний муассасалар қатъий тартибга солинди, уларнинг фаолияти кескин чекланди. Айрим ҳолларда масжидлар ёпилди, имомлар ва бошқа дин арбоблари қатағон қилинди.
Айниқса, Сталин даври (1930 йиллар)да кўплаб мусулмонлар, бошқа динлар тарафдорлари каби, репрессияларга учради. Бу ҳибсга олиш, сургун ва ҳатто қатлларни ҳам ўз ичига олган. Етакчилар кўпинча сиёсий тозалашлар пайтида нишонга олинган.
Совет Иттифоқида бугун Хитой ҳукуматининг уйғур миллий озчилигига нисбатан амалга ошираётган зулмига ўхшаш – мусулмонларни совет жамиятига интеграция қилишга қаратилган маданий ассимиляция сиёсати ҳам олиб борилган. Бу совет идеаллари ва қадриятларини тарғиб қилиш, шунингдек, Ислом билан боғлиқ анъанавий урф-одатлар ва амалиётларни ўзгартиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни ўз ичига олган.
Шунингдек, таълим тизими ҳам атеизмни тарғиб қилиш учун қайта йўналтирилган. Диний таълим буткул тақиқланиб, асосий эътибор материалистик дунёқарашни шакллантиришга қаратилган.
Хулоса қиладиган бўлсак, Совет Иттифоқида Исломга қарши кўп қиррали уруш олиб борилган. Бу уруш ҳам мафкуравий, ҳам репрессив чораларни ўз ичига олган. Шунга қарамай, худосизлар ғолиб бўлишмади. Аллоҳ Таоло айтганидек: "Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлурлар. Ҳолбуки, Аллоҳ, кофирлар ёқтирмаса ҳам, Ўз нурини тугал этгувчидир".
("Тавба" сураси 32-оят)