05.02.2025 09:43
331

Ўзбекистон Афғонистондан олиб ўтилган вертолётларнинг бир қисмини АҚШга қайтарди

Ўзбекистон ҳукумати Афғонистонда “Толибон” ҳокимиятни қўлга олган пайтда афғон учувчилари томонидан мамлакат ҳудудига олиб ўтилган ҳарбий техникаларнинг бир қисмини АҚШга қайтарди. Бу ҳақда "Америка овози" Пентагон расмийларига таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, 2021 йил август ойида афғон ҳарбийлари 22 та самолёт ва 24 та вертолётни Ўзбекистонга олиб ўтган. Улар орасида Embraer EMB 314 Super Tucano, Pilatus PC-12, UH-60 Black Hawk, MD-530 ва Ми-17 русумли ҳаво техникаси бор эди.

Пентагон яроқли деб топган техник воситалардан еттитаси – Black Hawk вертолётлари ҳозирда АҚШга қайтарилган.

Ўзбекистоннинг АҚШ ва Канададаги элчиси Фурқат Сидиқовнинг таъкидлашича, Тошкент ва Вашингтон ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр.

"Ўзбекистон АҚШ билан стратегик шерикликни кенгайтириш ниятида. Биз ҳарбий ва хавфсизлик соҳасидаги алоқаларни юқори баҳолаймиз", — деди Сидиқов.

Аввалроқ “Толибон” ҳукумати Тошкентдан Афғонистонга тегишли ҳарбий техникаларни қайтаришни бир неча бор сўраган. Бироқ Ўзбекистон ва АҚШ бу борада келишувга эришиб, техникалар Ўзбекистонда қолиши маълум қилинганди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.