ZARA бренди «The Jacket» либослари рекламасида фойдаланган деталлар ижтимоий тармоқларда норозиликларни келтириб чиқарди.

Гап шундаки, фотосуратларда модель Кристен МакМенами ёғоч қутилар ва бетон парчалари ўрнатилган оппоқ хонада тургани акс этган. Хонага қўллари йўқ ҳайкал ҳамда оқ мато ва оқ полиетилен пакетларга ўралган манекенлар ҳам жойлаштирилган.

7 декабрь куни бўлиб ўтган Atelier коллекцияси тақдимотида компания ўтган юз асрдаги эркаклар либосларидан илҳом олинганини маълум қилган эди. Фотосуратларда эса гўёки ҳайкалтарошнинг устахонаси, қадоқлаш материаллар ва ёғоч қутилар, шунингдек, махсус либосдаги ёрдамчилар тасвирланган.

Бироқ бу тасвирлар фойдаланувчиларга вайронага айланган Ғазо, оқ матоларга ўралган манекенлар эса кафанланган жасадларни эслатган.

Эҳтимол, ZARA брендига эгалик қилувчи Inditex гуруҳи ушбу реклама кампаниясини сентябрь ойида намойиш этганида, бу муҳитни ҳақиқатдан ҳам ҳайкалтарошнинг устаҳонасига ўхшатиш мумкин эди. Бироқ декабрга келиб дунёдаги геосиёсий вазият ўзгартди ва фойдаланувчилар ушбу тасвирлардан фақат вайрон бўлган Ғазо сектори, оқ матоларга ўралган манекенларни эса кафанланган жасадларни кўрмоқда.

Фотосуратлар эълон қилинганидан сўнг Instagram`даги Zara саҳифасида ўн минглаб изоҳлар ёзилди. Уларнинг аксариятида Фаластин байроғи бор эди. X (аввалги Twitter) платформасида эса BoycottZara ҳештеги энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлди. Zara кампанияси фотосуратлари худди шундай кўринишдаги кафанланган жигарбандини қучоқлаб турган фаластинликлар фотосуратлари билан ёнма-ён қўйилди.

Испания компанияси бойкот чақириқларига ҳеч қандай изоҳ бермади, бироқ душанба куни эрталаб Zara онлайн-дўконининг бош саҳифасида эълон қилинган суратлар тушга яқин сайт ва иловадан ғойиб бўлди. Буюк Британиядаги сайтида Zara Atelier ҳаволаси ўтган йилги коллекция саҳифасига йўналтириб қўйилган.

Мавзуга алоқадор