Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Россия-Украина можаросининг давомийлиги юзасидан ўз прогнозини қайта кўриб чиқди. Ҳозирги таянч сценарий жанглар 2025 йил охиригача, салбий сценарийда эса 2026 йилнинг ўрталарига қадар давом этиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Айни пайтда аксарият таҳлилчилар Оқ уйда маъмурият ўзгариши фонида можаро келаси йилдаёқ барҳам топиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

ХВЖ, шунингдек, Украинанинг энергетик хавфсизлиги ва Ғарб давлатлари дастагининг камайиши билан боғлиқ хавфлар ҳақида ҳам огоҳлантирмоқда. Жамғарма прогнозларига кўра, давом этаётган можаро Украина ҳукуматини мудофаа харажатларини оширишга мажбур қилмоқда, бу эса иқтисодиётни тиклашни қийинлаштиради.

Аввалроқ Украина расмийлари Россия авиазарбалари туфайли мамлакатдаги барча электр станцияларининг 70 фоиздан ортиғи шикастлангани ёки ишдан чиққани ҳақида хабар берган эди. Times нашри энергетика инқирози Украина ҳукуматини Москва билан келишувга эришишга мажбур қилиши мумкинлигини тан олди.

ХВЖ, шунингдек, Украина иқтисодиёти учун ишчи кучи етишмаслиги ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши – бу одамларнинг шарқдан ғарбга сафарбарлиги ва оммавий ҳаракати, шунингдек, уларнинг чет элга чиқиб кетиши туфайли юзага келганини маълум қилмоқда. Жамғарма маълумотларига кўра, 10,3 миллиондан кўпроқ одам (Украинанинг 31 миллион аҳолисидан) кўчирилган ва аҳолининг бешдан бир қисми озиқ-овқат тақчиллигига дуч келмоқда.

Украина қарзлари ҳам ўсиб бормоқда: давлат қарзининг Украина ялпи ички маҳсулотига нисбати, муассаса прогнозларига кўра, 2024 йилда 100 фоиздан ошиши, 2029 йилга келиб эса қарийб 300 фоизга етиши мумкин.

ХВЖ Киевни қутқарув дастурининг бир қисми сифатида таклиф қилинган солиқ чораларини қўллаб-қувватлашга чақирди ва G7 мамлакатларига фавқулодда кредитлар орқали украиналикларга кўп йиллик молиялаштириш учун 50 миллиард доллар ажратишни тавсия қилди.

Украина ҳукумати аллақачон Олий Радага 2025 йил учун бюджетни тақдим этган бўлиб, унда 1,6 триллион гривна (38,68 миллиард доллар) тақчиллик (дефицит), шунингдек, миллий валюта курсини бир доллар учун 45 гривнагача пасайтириш кўзда тутилган. Ҳарбий солиқни 1,5 фоиздан 5 фоизга ошириш тўғрисидаги қонун ҳам қабул қилинди.

Мавзуга алоқадор