Хотираси жойида эканини айтган Байден Сисини Мексика президенти деди
Жо Байден.
Оқ уйда ўтказган матбуот анжуманида АҚШ президенти Жо Байден махсус прокурор Хур томонидан янги эълон қилинган ҳисоботга муносабат билдирди.
Байден уйидан топилган махфий ҳужжатлар
борасида бошиданоқ прокуратура билан ҳамкорлик қилганини, тегишли файлларнинг
кўпини ўзи эмас, балки
мутасаддилар олиб юриши,
махфий файлларни атайлаб
ёнида олиб юрмаслигини таъкидлаб, “Ҳисоботда менга қаратилган ҳеч қандай айблов
йўқ, тўғриси ҳам шу”, ‑ деди.
Бошқа томондан, Байден худди шу ҳисоботда ўз хотираси ва ёши
билан боғлиқ айрим маълумотлар
уни безовта қилганини, ақлан соғломлиги ва хотираси жуда яхши ҳолатда эканини
қайд этиб ўтди.
“Хотирамни
яхши эмас, дебди, хотирам яхши ҳолатда. Ўғлим ўлган йилни эслай олмаганимни
келтиришибди, бунга қандай журъат қилишади, ким буни унутиши мумкин”, ‑ деган
Байден прокурорнинг бу каби иддаолари тўғри эмаслигини таъкидлади.
Сисини "Мексика президенти" деб атади
Хотирасининг яхши ҳолатда эканлигини бир неча марта таъкидлаган Байден Америка
жамоатчилиги ва матбуотида қизғин мавзуга айланган ушбу жумлалардан бир неча дақиқа ўтиб
Ғазо билан боғлиқ саволга жавоб берар экан, "Мексика президенти Сиси билан учрашдим", деди.
Айниқса, Республикачи Конгресс аъзолари ўзларининг ижтимоий
тармоқлардаги аккаунтларида Байденнинг ушбу жумласини ўз ичига олган видеони
баҳам кўриб, "Байден
президентликка мос эмас" деган изоҳларни қолдиришди.
АҚШ махсус прокурори Роберт Хур президент Жо Байденнинг
уйидан махфий ҳужжатларни "билиб туриб" сақлагани, бироқ у Байденга
терговдаги ҳамкорлиги ва "жуда заиф хотираси" туфайли айблов
қўймаслигини маълум қилди.
“Судда жаноб Байден, эҳтимол, биз билан учрашувида бўлгани каби, ўзини ҳам ҳайъат аъзоларига ҳамдард, яхши ниятли, хотираси қисқа чол сифатида кўрсатиши мумкин”, — деб ёзган Хур ўз ҳисоботида.
Маълумот учун, АҚШнинг 46- ва амалдаги президенти Жо Байден 1942 йил 20 ноябрь куни туғилган. Бу йил у 82 ёшни қарши олади.