12.07.2024 10:25

Хитойда бир ҳафтада 40 та банк ёпилди

Хитойнинг банк сектори жиддий инқирозни бошидан кечирмоқда. Бир ҳафта ичида 40 та банк фаолиятини тўхтатди ва Jiangxi Bank of China банкининг қулаши бу сектордаги мураккаб вазиятни янада кучайтирди. Мутахассислар ҳолат жаҳон иқтисодиёти учун ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Renminbao портали банкротлик ҳақидаги миш-мишлардан хавотирга тушган мижозлар Jiangxi Bank of China банкига бостириб кирганини маълум қилди. Банк аввалроқ мижозлар тўловлари билан боғлиқ муаммолар туфайли фойдаси 30 фоизга камайиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.

The Economist нашрининг қайд этилишича, Хитойда 3800 га яқин банк банкротлик ёқасида. Уларнинг умумий активлари 5,7 трлн доллар ёки мамлакат банк тизимининг 13 фоизини ташкил этади. Журнал ушбу банклар узоқ вақт давомида нотўғри бошқарилгани, жуда кўп муаммоли кредитлар тўплаганини таъкидлайди.

Мақолада айтилишича, уларнинг аксарияти ишлаб чиқарувчилар ва маҳаллий ҳукуматларга қарз бериб, кўчмас мулк инқирозига дучор бўлган. Муаллифларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда баъзи банклар ўз портфелларининг 40 фоизи муаммоли кредитлардан иборат эканлигини аниқлаган.

“Кредитларга асосланган ўсиш йиллари ниҳоят ўз ниҳоясига етди ва Хитойда ўсиш суръатларининг пастлашиши ҳамда жаҳон иқтисодиётига салбий таъсири бунинг натижалари бўлади. Хитой иқтисодиёти ўсишининг секинлашиши, ўз навбатида, улардаги банк муаммоларини янада оғирлаштиради”, — дея огоҳлантиради The Economist суҳбатдоши.

Хитойнинг кўплаб шаҳарлари ва ҳатто бутун минтақалари қарзга ботиб кетмоқда. Мажбуриятлар шунчалик каттаки, маҳаллий ҳукумат амалдорлари баҳорда Пекинга элчи юборган. Тўланмаган қарзлар тобора оғирлашиб минтақа иқтисодиётига ва миллий иқтисодий ўсишга таҳдид солмоқда.

Хитой шаҳарларини чўктираётган қарзлар, биринчи навбатда, кўчмас мулк инқирози ва пандемия оқибатларидир. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.