29.03.2024 11:35

Халқаро суд Исроилга Ғазога гуманитар ёрдамнинг тўсиқсиз етказилишини таъминлашни буюрди

БМТ Халқаро суди (ICJ) Исроилга Ғазога гуманитар ёрдамнинг тўсиқсиз етказилишини таъминлаш ва фаластинликларнинг ҳуқуқларини бузмасликни буюрди, дея хабарқилмоқда Anadolu.

Халқаро суд ёзма баёнотида Жанубий Африка Республикасининг Исроилга қарши очган геноцид иши доирасида янги чора-тадбирлар тўғрисида қарор қилганини билдирди.

ICJ ўз қарорида Исроил ҳарбийларига Геноцид конвенцияси бўйича "ҳимояланган гуруҳ" бўлган фаластинликларнинг ҳуқуқларини поймол қилмаслик, жумладан, Ғазога жуда зарур бўлган инсонпарварлик ёрдамларининг етказилишига тўсқинлик қилмасликни буюрди.

Ғазода очарчилик

ИСЖ Ғазодаги вазият 2024 йил 26 январда жорий этилган тақиқдан сўнг ёмонлашди, бу эса янги чоралар кўришни талаб қилади, деб ҳисоблайди.

Суд қарорида 2024 йил 26 январдан буён “Ғазо секторидаги фаластинликларнинг турмуш шароити ҳалокатли ёмонлашгани, жумладан, уларнинг озиқ-овқат ва бошқа асосий эҳтиёжлари узоқ вақт ва кенг даражада қондирилмай келинаётгани ҳамда очарчилик хавф-хатар чегараларидан чиқиб кетгани қайд этилди.

Суд 26 январь куни чиқарилган буйруқнинг қонунийлигини тасдиқлади ҳамда “бутун Ғазо сектори, жумладан, Рафаҳга нисбатан қўлланиладиган чораларни зудлик билан ва самарали амалга оширишга” чақирди.

Ғазога гуманитар ёрдам етказиб бериш

Суд “Ғазодаги фаластинликлар турмуш шароитининг ёмонлашиши, хусусан, очлик ва очарчиликнинг тарқалишига жавобан” учта янги чора кўришни буюрди.

Унга кўра, ICJ Исроилга “БМТ билан тўлиқ ҳамкорликда барча манфаатдор шахслар томонидан зудлик билан зарур бўлган асосий хизматлар ва инсонпарварлик ёрдамлари, жумладан озиқ-овқат, сув, электр энергияси, ёқилғи, бошпана, кийим-кечак, гигиена эҳтиёжлари, дори-дармонлар ва тиббий ёрдам тўсиқсиз тақдим этилишини таъминлаш учун барча зарур ва самарали чораларни дарҳол кўриш, шунингдек, қуруқликдан ўтиш жойларининг сиғими ва сонини ошириш ҳамда уларни зарур бўлган вақт давомида очиқ сақлашни буюрди”.

Шуниси эътиборга лойиқки, суднинг биринчи чораси бир овоздан қабул қилинди, жумладан, Исроил томонидан тайинланган вақтинчалик судья ҳам маъқуллади.

Суд фаластинликларнинг ҳуқуқларини бузмасликни талаб қилди

Суд иккинчи чорада Исроил ҳарбийларига Геноцид конвенцияси билан ҳимояланган Ғазодаги фаластинликларнинг ҳуқуқларини ҳеч қандай тарзда поймол қилмаслик, жумладан Ғазода зарур бўлган инсонпарварлик ёрдамларининг етказилишига тўсқинлик қилмаслик ҳақида буйруқ берди.

Учинчи чоранинг бир қисми сифатида Суд Исроилга бир ой ичида қўшимча чораларга жавобан кўрган чоралари тўғрисида ҳисобот тақдим этишни буюрди.

Иккинчи қўшимча чорага Уганда судьяси Жулиа Себутинде ва исроиллик судья ёрдамчиси Аҳарон Барак қарши чиқди, фақат исроиллик Барак охирги чорага қарши овоз берди.

Суд, ҲАМАСга ишора қилиб, "қарор учинчи томонлар учун мажбурий бўлмайди" деган сабаб билан Жанубий Африка томонидан ўт очишни тўхтатиш билан боғлиқ талаб қилинган чора-тадбирлар ҳақида қарор чиқара олмаслигини билдирди.

Жанубий Африка Халқаро Суддан Исроилга қарши янги тақиқлар сўради

6 март куни Жанубий Африка Халқаро суддан ғазоликларнинг очлиги муносабати билан янги чоралар кўришни сўради.

Жанубий Африка Халқаро Суддан “Ғазодаги 2,3 миллион фаластинлик, жумладан 1 миллиондан ортиқ болалар хавфсизлигини зудлик билан таъминлаш учун” қўшимча чоралар кўришни сўради. Жанубий Африка зудлик билан суддан Исроилга қарши 26 январда қабул қилган 6 та чорасини ўзгартиришни ва/ёки зудлик билан янги чоралар тўғрисида қарор қабул қилишни сўради.

26 январь куни эълон қилинган дастлабки қарорида Халқаро суд Исроилга Геноцид тўғрисидаги конвенциянинг 2-моддасида келтирилган ҳаракатларга барҳам бериш учун барча чораларни кўриш мажбуриятини юклаган эди. Шунингдек, Исроилга Ғазодаги фаластинликларга қарши геноцид уюштиришга чақирган барчага нисбатан бартараф этиш, тийиб туриш ва жазолаш чораларини кўришни топширди.

Шунингдек, Исроилга Ғазода фаластинликларга қарши Геноцид конвенцияси талаблари бузилгани ҳақидаги далилларни йўқ қилмаслик ва сақлаб қолиш учун самарали чоралар кўришни ҳамда бу чоралар ҳақида судга ҳисобот беришни буюрди. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.