28.10.2024 15:27

Владимир вилояти Россияда биринчи бўлиб мактабларда ҳижобни тақиқлади

Владимир вилояти таълим ва ёшлар сиёсати вазирлиги минтақадаги таълим муассасаларида диний либослар, жумладан, ҳижоб ва ниқоб кийишни расман тақиқлади. Тегишли буйруқ 2024 йил 25 октябрда эълон қилинган.

Департаментнинг «ВКонтакте» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида аниқлик киритилишича, бу қарор Россия “черков давлатдан, жумладан, таълим тизимидан ажратилган дунёвий давлат” эканлиги билан боғлиқ. «Ведомости» нашрининг таъкидлашича, Владимир вилояти Россияда доимий равишда бундай тақиқни қабул қилган биринчи минтақа бўлди.

2024 йилнинг май ойида Давлат Думаси спикери ўринбосари Вячеслав Даванков таълим муассасаларига юзни беркитувчи диний кийим кийишга чекловлар ўрнатишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини таклиф қилганди.

Бироқ ушбу таклиф Чеченистон ҳукумати вакиллари томонидан танқид қилинди. Хусусан, Давлат Думаси депутати Адам Делимхонов республика расмийлари юзни беркитувчи ниқоб кийишни «маъқулламайди», бироқ ҳижоб “мусулмон аёлнинг диний бурчи” эканини айтди. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ҳам тақиқга қарши чиқди.

2024 йил июнь ойида Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Россияда “террор хуружлари таҳдиди”ни келтириб, ниқаб кийишни «шошилинч» тақиқлашга чақирди. Бунга жавобан Доғистон ва Қорачой-Черкесия муфтийлари ўз ҳудудларида ниқоб тақишни вақтинчалик тақиқлади.

 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.