16.09.2024 12:33

Россия ҳукумати ҳижобларни маҳаллий тақиқлаш тўғрисидаги қонунни маъқулламади

Россия ҳукумати Давлат думаси депутати Владислав Даванковнинг мактаблар ва маҳаллий ҳокимликларга диний либосларга маҳаллий тақиқ ўрнатиш ҳуқуқини берувчи қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашдан бош тортди, деб ёзади «ТАСС» ҳукумат расмий шарҳига таяниб.

Ҳужжатда қайд этилганидек, қабул қилиниши учун қонун лойиҳасини сезиларли даражада такомиллаштириш зарур. Даванков таълим ташкилотларига диний либос ёки рамзларни кийишни маҳаллий тақиқлаш имкониятини, шаҳар ёки вилоят депутатларига эса давлат ташкилотларида, жамоат жойларида юзни тўлиқ ёки қисман яширадиган диний ва бошқа кийимларни кийишни маҳаллий тақиқлаш ҳуқуқини беришни хоҳламоқда.

Россия ҳукумати қонунчиликда "диний либос", "диний атрибутлар ёки диний рамзларга эга кийим" тушунчаларига изоҳлар йўқлигига эътибор қаратди. Ушбу фактни ҳисобга олган ҳолда, тузатишлар "ноаниқ ҳуқуқни қўллаш амалиётига олиб келиши" мумкинлиги қайд этилди.

Россия муфтийлари аввалроқ “Даванков қонуни”ни ислом динининг бир қисми бўлган ва аёллар учун мажбурий бўлган ҳижобни тақиқловчи банди туфайли танқид қилган эди. Айни пайтда, айрим ҳудудларда ўқувчи-талабалар ҳижоби туфайли ўқишга киритилмагани ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда. Хусусан, Ханти-Манси автоном округидаги Лянтор нефть коллежи (ЛНТ) талабаси Лилия Рахматуллина рўмоли туфайли ўқишга киритилмаган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.