26.11.2024 16:16
315

Ҳусийлар Яман ҳукумати билан маҳбусларни алмашишга тайёрлигини билдирди

Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи «Ансоруллоҳ»  шиа ҳаракати (ҳусийлар) Яман ҳукумати билан маҳбусларни алмашиш бўйича кенг қамровли битим тузишга тайёрлигини маълум қилди.

Ҳусийлар ҳаракатининг маҳбуслар қўмитаси раҳбари Абдулқодир ал-Муртазо улар томони ҳеч қандай шартларсиз мулоқотга тайёр эканини айтди.

“Биз БМТ шафелигида аввал имзоланган барча келишувларни чекловларсиз амалга оширишга, шунингдек, истисносиз ҳар икки томоннинг барча маҳбусларини қамраб олувчи кенг қамровли битим тузишга тайёрмиз”, — деди ал-Муртазо.

Шунингдек, у маҳаллий шайхлар ва жамиятнинг ҳурматли аъзоларини жараёнга ёрдам бериш учун бу масалада воситачилик қилишга чақирди.

Бунга қадар ҳам Яман ҳукумат кучлари ва ҳусийлар ўртасида турли жабҳаларда бир неча бор асир алмашиш бўлган. Бироқ ҳар икки томон қанчадан асир сақлаётгани ҳозирча номаълум.

Ямандаги фуқаролар уруши 2014 йилдан бери давом этмоқда. Бир томонда ҳусийлар можарода иштирок этаётган бўлса, иккинчи томонда президент Абдураббу Мансур Ҳодийга содиқ ҳукумат қўшинлари.

Ҳусийлар 2014 йил сентябрь ойидан бери пойтахт Санони қўл остида ушлаб, бир қанча ҳудудларни назорат қилмоқда. Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция 2015 йилнинг март ойидан бери ҳусийларга қарши курашда Яман ҳукуматини қўллаб-қувватлаб келади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.