27.01.2024 15:20

Ҳусийлар Британия нефть танкерига ҳужум уюштирилганини маълум қилди

Яманнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати (ҳусийлар) Адан кўрфазида Британия нефть танкерига ҳужум уюштирди. Бу ҳақда ҳусийлар ҳарбий воизи Яҳё Сария Х ижтимоий тармоғида ёзди. Тармоқларда аланган ичида қолган танкер тасвирлари тарқалди.

Унинг сўзларига кўра, Буюк Британияга тегишли Marlin Luanda нефть танкери ҳусийлар томонидан нишонга олинган. Унга кемага қарши ракеталар билан урилганидан кейин ёниб кетган.

Ҳусий воизи ушбу ҳужум Фаластин халқига қилинган зулм учун қасос, Ғазо секторидаги фаластинликларни қўллаб-қувватлаш ва бирдамлик ҳамда АҚШ ва Британиянинг Яманга қилган ҳужумларига жавоб эканини айтди.

Сария, шунингдек, Ғазо секторида сулҳ эълон қилинмагунча ҳамда фаластинликларга дори-дармон ва озиқ-овқат етказиб беришга рухсат этилмагунча ҳарбий операциялар давом эттирилигини таъкидлади.

Буюк Британия Ҳарбий-денгиз кучларининг денгиз савдосини мувофиқлаштириш бошқармаси (UKMTO) Яман қирғоқларида ракета билан урилган кема ёниб кетгани ҳақида маълумот берди. Бироқ кема номини келтирмади.

АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) ҳусийлар USS Carney томон ҳам кемага қарши ракета отгани, бироқ ракета зарарсизлантирилганини билдирди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.