Россияда ҳарбий хизмат учун шартнома имзолаган хорижликларга фуқаролик берилади
Россия президенти Владимир Путин Қуролли Кучларда хизмат қилиш учун шартнома имзолаган хорижликларга Россия фуқаролигини бериш тўғрисидаги фармонни имзолади, дея хабар қилди РИА Новости.
"Махсус ҳарбий операция пайтида Россия Федерацияси Қуролли Кучлари ёки ҳарбий тузилмаларида ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома тузган чет эл фуқаролари Россия Федерацияси фуқаролигини олиш учун ариза бериш ҳуқуқига эга", дейилади фармонда.
Унга кўра, Россия Украинада олиб бораётган уруши давомида Қуролли Кучлар ёки ҳарбий тузилмаларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаган хорижликлар ва шу даврда армиядан нафақага чиққан аскарлар ҳам Россия паспортини олишлари мумкин бўлади.
Ҳужжатда айтилишича, Россия фуқаролигини олиш учун ариза топширган чет элликлар бармоқ изини мажбурий рўйхатдан ўтказишади. Бундан ташқари, Қуролли Кучлар сафида хизмат қилгани учун Россия фуқаролигига ариза берган хорижликларнинг турмуш ўртоқлари ва фарзандлари “шифокор тайинловисиз гиёҳванд моддалар ва психотроп воситалар ёхуд янги потенциал хавфли психоактив моддалар қабул қилмаслиги, шунингдек, атрофдагиларга хавф туғдирадиган юқумли касалликларга чалинмаганини тасдиқловчи” тиббий маълумотномани ҳам тақдим этишлари зарур.
Шунингдек, уларга ОИВ йўқлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳам керак бўлади.