Украинага ҳарбий ёрдам Германия ва Франция ўртасида тортишувга сабаб бўлмоқда
Франция президенти Эммануэл Макрон ва Германия канцлери Олаф Шольц ўртасидаги Украинани қўллаб-қувватлаш борасидаги келишмовчиликлар сиёсий мунозарадан очиқ адоватга айланиб бормоқда.
“Украина
ўқ-дорилар тақчиллигига учраган бир пайтда, Германия ва Франция раҳбарлари
ҳарбий ёрдам борасида тортишмоқда”, деб ёзади Politico.
Нашрнинг
таъкидлашича, немис расмийлари Макроннинг Шолцдан фарқли равишда Украинадаги
вазиятга таъсир ўтказиш учун етарлича ҳаракат қилмаётганидан норози.
Мамлакатларнинг
Украинани қўллаб-қувватлашга қўшган ҳиссаси ҳақида маълумот йиғувчи Кил
институти тадқиқотида Франция “ортда қолган” иттифоқчи экани маълум бўлди. Ушбу
давлат Украинада уруш бошланганидан буён 640 миллион евро ёрдам кўрсатган бўлса,
Германия жами 17,7 миллиард евро ажратган.
Шунинг
учун Шолц Франция президентини Украинага кўпроқ қурол ва ўқ-дорилар юборишга
мажбурлаш учун барча имкониятлардан фойдаланмоқда.
Ўз навбатида,
Франция расмийлари Украинага "жуда қимматли" қуролларни тақдим
этаётгани ва буни немис ҳамкасбларига қараганда камроқ ҳис-ҳаяжон билан амалга
ошираётганини таъкидлаган. Ушбу ҳолатда канцлернинг Украинага Taurus
ракеталарини топширишни истамаётгани ҳақида гап кетмоқда.
Жумладан,
26 февраль куни Парижда бўлиб ўтган саммитдан сўнг Макрон Германиянинг Киевга
қурол етказишга иккиланаётгани учун Шолцдан норози эканини билдирди.
Берлин
узоқ вақт давомида Украинага Leopard танкларини юбориш борасида иккиланди,
бироқ АҚШ ўзининг М1 Abrams танкларини етказиб бериш ниятини эълон қилганидан
кейингина бу ҳақда қарор қабул қилди.