23.07.2024 08:07

Украинадаги уруш бошланганидан бери Россияда 50 дан ортиқ фаол “жиннихона”га ётқизилди

Россия судлари Украинадаги уруш пайтида 53 нафар фаол ва мухолифатчини мажбурий психиатрик даволанишга ҳукм қилди. Бу ҳақда Moskow Times 7х7 нашрига таяниб хабар қилди.

«Мемориал» инсон ҳуқуқлари маркази бошқаруви аъзоси, тарихчи Алексей Макаровнинг нашрга айтишича, замонавий Россияда мажбурий психиатрик даволанишга юбориш СССРдагидек кенг кўламли эмас, бунинг устига жамият ташхиснинг ҳақиқийлигини аниқлаши учун тиббий ҳужжатлардан фойдаланиш имкониятига эга эмас.

“Бизда руҳий касалхоналарда нималар содир бўлаётганини назорат қилиш механизмлари кам. Сербский номидаги суд-психиатрия институтида монополия мавжуд бўлиб, давлат ва психиатрларга бундай амалиётларни кенгайтиришга ҳамда улардан қўполроқ фойдаланишга ҳеч нарса тўсқинлик қилмайди”, - деб тушунтирди Макаров.

Унинг қўшимча қилишича, агар бунинг учун "тўғридан-тўғри сиёсий буюртма" бўлса, суд-психиатрия СССР кўрсаткичларига қайтиши мумкин.

Клиник психолог ва Россия мустақил психиатрия ассоциацияси ижрочи директори Любовь Виноградова унинг фикрига қўшилади. Унинг сўзларига кўра, 2000-йиллар бошидан бери Россияда психиатрия "борган сари ғайриинсоний бўлиб қолмоқда".

90-йилларда демократик ислоҳотлар жараёнида психиатрия ёрдами ва уни таъминлаш борасида фуқаролар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида қонун қабул қилинди. Ўшанда психиатрия фақат ихтиёрий нарса, барча мажбурий чоралар суд қарорига боғлиқ деган тушунчалар шаклланди; Қонун кучга кирган дастлабки йилларда ҳамма бунга кўникиб қолган, 2000-йилларнинг охиригача эса ҳақиқатдан ҳам бошқа замон эди”, деб тушунтирди у.

Май ойи охирида “Агентство. Новости” Telegram-канали сўнгги бир ярим йил ичида РФ судлари сиёсий ишлар бўйича камида 33 нафар судланувчини мажбурий психиатрик даволанишга юборганини ёзган эди.

Умуман олганда, 2013 йилдан бери “ўзгача фикрловчилар” 55 марта мажбурий даволанишга юборилган. 2020 йилгача бу кўрсаткич йилига уч кишидан кўп бўлмаган, 2021 йилда эса етти нафарга кўтарилган бўлса, 2022 йилда яна уч кишига камайди. Бироқ ўтган йили бу кўрсаткич кескин ошиб, 25 нафарга етди, жорий йилнинг тўрт ярим ойида эса Россия судлари шундай қарорлар сони саккизтадан кам бўлмаган.

Жумладан, май ойида Нижний Новгороднинг Ленинский суди маҳаллий фуқаро Алексей Волскийни армия ҳақидаги "сохта хабарлар" иши бўйича мажбурий даволанишга юборди. Ўтган йилнинг ноябрида худди шундай қарор санкт-петербурглик Виктория Петровага нисбатан ҳам чиқарилган эди. 2023 йил октябрь ойида суд Нижний Новгородда яшовчи Алексей Оношкинга мажбурий психиатрик даволанишни буюрди - у VK ижтимоий тармоғидаги постлар ва шарҳлари учун «сохта хабар» ва "терроризмга чақириқлар" да айбланган. Ўтган йили Саратовнинг Хоперское қишлоғидан депутат Олег Непейн ҳам Россия армияси томонидан Мариупол ва Буча аҳолисининг ўлдирилиши ҳақидаги минтақавий суҳбатдаги маълумотлари учун жазоловчи психиатрияга дучор бўлган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.