30.08.2024 17:33

Украина ва Фаластиндаги уруш қачон тугайди?

Бир урушни тугатиш уни бошлашдан кўра қийинроқ. Орқага чекинишни истаган томон бунинг учун ишончли баҳоналар келтиришга мажбур. Масъуллар йўқотишлар ва ютуқларни таққослаши, жанг аввалида олдига қўйилган мақсадлардан қай бири амалга оширилганини айтиши керак бўлади. Айни пайтда бир миллат ўзини хавфсизроқ ҳис қилаётганини ёки танаффус шунчаки янги тўқнашувларга тайёргарлик кўриш учун бироз тин олиш эканини тушуниши ўта муҳим.

Ўтмишда урушни тугатиш осонроқ эди, негаки жанглар ҳукуматдан буйруқ оладиган қўшин томонидан олиб бориларди. Бугунги кунда айрим урушлар бутунлай бошқача тус оляпти. Зотан, ҳарбийлар минтақа бўйлаб тарқалган бутун бир фракциялар билан тўқнашмоқда.

Энг хавфли нарса — уруш тарафдорларининг яшаб қолиш учун курашаётганига ишониши ва орқага чекиниш мумкин эмаслигидадир.

Жумладан, Яқин Шарқ 7 октябрдан бери бошдан кечираётган тизгинсиз урушнинг энг хавфли жиҳати шундаки, у жуда беқарор халқаро вазиятда содир бўлмоқда. Дунё «хавфсизлик клапанлари»сиз яшаяпти. Бутун дунё энди БМТ Хавфсизлик Кенгашидан умидини узиб бўлди. Зеро, ташкилот урушларни ҳал қилишда самарасиз эканлиги тўлиқ исботланди. Йирик кучлар ўртасидаги муносабатлар яқин тарих ичида ўзининг  энг ёмон ҳолатига келиб қолди.

Биз шунчаки рус аскарлари қандай қилиб америка, немис ёки британия снарядлари билан ўлдирилаётганига ва Ғарб қуроллари Россия-Украина урушининг учинчи йилида украинларнинг Курскга киришига имкон бераётганига назар солсак, ҳолатни осонроқ тушунамиз. Ҳақиқат шундаки, Украина армияси рус чегараларини бузиб ўтиш орқали ядровий уруш хавфи туфайли мавжуд деб ўйланадиган қизил чизиқларни йўқ қилди. Аслида Россия президенти Владимир Путиннинг ўзи 2022 йилда Украина ҳудудига бостириб кириб, Европа чегараларини бузганидаёқ мавжуд халқаро тартибларни шубҳа остига қўйганди.

Украина етакчиси Владимир Зеленскийнинг рус кучлари Украинанинг катта қисмини эгаллаб олишидан қўрқишини инобатга олсак, вазиятнинг қанчалик даҳшатли тус олишини тасаввур қилаверайлик. Бу эса уни бор имкониятларини ишга солиб, ўйинни давом эттиришга ундайди.

Путин ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. У НАТОнинг Россия чегараларига яқинлашишидан хавфсираб, Украинага ҳужум қилишга қарор қилди. Бу унинг Атлантика орзуларини барбод қилди ва Ғарбни заифлаштиришга қаратилган “операция” бошлашига олиб келди. Икки томоннинг ҳам вайронкор арсеналга эга бўлиши эса мавжуд хавфни янада оширади.

Душман оғир йўқотишларига қарамай таслим бўлишдан бош тортса ва донорлар мунтазам унинг томирига қон қуйиб турса, урушнинг якуни ҳақида ўйлаш қийин. Жангчилардан бири нокаут бўлмас экан, икки томон ҳам тинчимайди.

Яқин Шарқ ушбу дилни хира қилувчи халқаро вазиятда ўзига хос тарзда инқирозга юз тутди. Яҳё Синвар ҳокимиятга келиши биланоқ минтақани қамраб олган операцияни бошлади. Ғазо уруши “Ҳизбуллоҳ”нинг ўзи учун оғирлик қилади. Уруш бошланганидан бир кун ўтгач, мазкур партия Ливандан туриб Ғазо учун "қўллаб-қувватловчи фронт" очганди.

Ўтган ўн ой ичида АҚШ ўз манфаатларидан келиб чиқиб минтақада урушнинг кенгайишига йўл қўймади. Яқинда, Қоҳирада ўтказилган тинчлик музокаралари бошланишидан бир неча соат олдин Ливан-Исроил чегарасида содир бўлган тўқнашув минтақадаги турли ёнғин ўчоқлари бир-бирига қанчалик боғлиқ эканини кўрсатди.

Эрон очиқчасига кенг қамровли урушни истамаслигини ва Исмоил Ҳания ўлдирилишига боғлиқ интиқомини юмшатишини айтди. “Ҳизбуллоҳ” ҳам ҳарбий командири Фуад Шукр ўлдирилишига қарамай, кенг қамровли урушга жазм қилмаяпти. Шунинг учун ҳаракат ўтган якшанба куни фақат ҳарбий нуқталарга зарба берди.

Аммо Ҳания ва Шукрнинг суиқасди мос равишда Теҳрон ва Байрутда содир бўлди. Жой танлови тасодиф эмас. Эҳтимол, Нетаньяху Эрон ва “Ҳизбуллоҳ” кенг қамровли тўқнашувгача бормаслигини билган, лекин у вазиятдан фойдаланиб, АҚШ жанговар кемаларини ҳам ҳимоясига тортди. Эрон ва “Ҳизбуллоҳ”нинг Ҳания ва Шукрнинг ўлдирилишига жавоб қайтармаслиги шиа кучларининг обрўсига путур етказиши аниқ эди.

Исроил эса ҳамон Ғазодаги қирғинини тўхтатмаяпти. Бу ҳам етмагандек, сионистлар юзлаб “Ҳизбуллоҳ” жангчиларини ўлдирди, Сурия ва Яманни бомбардимон қилди, Эрон позицияларига зарба берди.

Урушнинг поёни эса мавҳумлигича қолмоқда. ҲАМАС нафақат ўзи, балки Ғазодаги тинч аҳолига нисбатан содир этилаётган уруш жиноятларидан сўнг сулҳга рози бўлиши амримаҳол. Нетаньяху бошчилигидаги босқинчилар ҳам ҲАМАСни йўқ қилмасдан тўхтамоқчи эмас. Геноцидда Вашингтоннинг ҳам тенг шерик эканлигини инобатга олсак, АҚШ ҳам ушбу урушни тўхтатишдан манфаатдор эмас. Бу эса тараққиёт асрида қанчалик инсон қадри ва ҳуқуқлари ҳақида гапирилмасин, турли миллат ва динга мансуб халқлар ўртасидаги урушлар тўхтамаслигини, аксига олиб унинг дунёга таъсири ва вайронкорлик кўлами ортиб боришини кўрсатади.    

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.