13.03.2024 08:48

Украина Россиянинг тўққиз ҳудудига йирик дронлар ҳужумини уюштирди

Украина 12 мартга ўтар кечаси ва кун давомида Россия ҳудудларига дронлар ҳужумини амалга оширди. Асосан нефтни қайта ишлаш заводлари ва маъмурий бинолар нишонга олинди. Шу билан биргаликда, Украина ҳудудидан Россиянинг иккита вилоятига диверсантлар бостириб кирди.

12 март куни эрталаб Россия Мудофаа вазирлиги Москва, Ленинград, Белгород, Курск, Брянск, Тула ва Орловда 25 та дрон йўқ қилингани ва тутиб олинганини билдирди.

Нижегород ва Воронеж вилоятлари губернаторлари ҳам дрон ҳужумлари ҳақида маълумот берди.

Орловда дрон нефть омборига урилган. Губернатор Андрей Кличков уни ёқилғи-энергетика комплекси объекти деб атади, бироқ кимга тегишли эканини очиқламади. Ҳодиса оқибатида 100 квадрат метр майдонда битта нефть омбори ёниб кетган. Кейинроқ у дрон ҳужуми оқибатлари бартараф этилгани, шаҳардаги «тутун» ҳеч қандай хавф туғдирмаслигини ёзди. Яқин атрофдаги уйлардан 17 кишини эвакуация қилинган.

Нижегород вилояти Кстово шаҳридаги «Лукойл» заводи ҳудудига ҳам дронлар қулаган ва ёнғин келиб чиққан.

Белгородда эса дрон шаҳар маъмурияти биносига бориб урилган, икки аёл жароҳатланган. Бошқа бир дрон вокзал яқинидаги савдо маркази томига қулаган, қурбонлар йўқ.

12 март куни эрталаб Украина ҳудудидан қуролланган жанговар гуруҳлар пикапларда Россиянинг Белгород ва Курск вилоятларига бостириб киришга урингани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Уларнинг ҳужумлари миномётлар, танк ва зирҳли техникалар ёрдамида қўллаб-қувватланган. Чегарадан асосан Россия фуқароларидан иборат «Россия эркинлиги» легиони, «Сибир батальони» ва Россия кўнгиллилар корпуси аъзолари ўтгани маълум қилинди.

Курск губернатори Роман Старовойтнинг билдиришича, Украина қуролли кучлари эрталабдан Теткино қишлоғини ўққа тутган. Россиялик ҳарбий блогерлар Украина томони диверсантлари Курск (Теткино тумани) ва Белгород вилоятлари чегарасини кесиб ўтган бўлиши мумкинлигини даъво қилган эди.

Старовойтнинг сўзларига кўра, "саботаж ва разведка гуруҳи томонидан ёриб ўтишга уриниш кузатилган, отишма бўлган, аммо ҳеч қандай натижага эришилмаган".

Кейинроқ Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ушбу икки вилоятда давлат чегарасини бузишга бир нечта уринишлар бўлганини маълум қилди. ФХХ душман тузилмалари катта йўқотишларга учраганини даъво қилмоқда.

Мудофаа вазирлиги ўз матбуот хабарида айтилишича, тонгги соат учларда чегарани кесиб ўтишга биринчи уриниш бўлган ва эрталаб саккиздан кейин Теткинода чегара ҳудудига бузиб киришга уринган гуруҳлар томонидан яна тўртта ҳужум содир этилган ва ҳужум қайтарилган.

Кечқурун Россия Мудофаа вазирлиги яна бир баёнот бериб, россиялик ҳарбийлар ва чегарачилар Белгород ва Курск вилоятларига босқин уюштиришга уринган 234 нафар украиналик диверсантни ўлдирганини иддао қилди.

“Душман 234 жангчисини, етти танкини, АҚШда ишлаб чиқарилган учта «Бредлей» пиёда жанговар машинасини ва иккита зирҳли транспорт воситасини йўқотди. Давлат чегарасини бузиш ҳолатлари кузатилмади”, — дейилади хабарда.

Украина расмийлари бу баёнотларга изоҳ бермади. Украина Мудофаа вазирлигининг Бош бошқармаси фақат юқорида қайд этилган тузилмалар Россия фуқароларидан иборат эканлигини эслатди, холос.

Курск мактаб ўқувчилари "сўнгги воқеалар туфайли" 13-15 март кунлари масофавий таълимга ўтказилди.

Сўнгги маълумотларга кўра, 13 март куни ҳам Россия ҳудудидаги нефть объектларига дронлар ҳужуми амалга оширилган. Қайд этилишича, Рязандаги нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудига украин дрони қулаган ва натижада ёнғин бошланган.

Портлаш натижасида икки киши осколька жароҳатини олган. Ҳудуд раҳбари Павел Малков нефть заводига ҳужумни тасдиқлади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.