Украина қўшинлари Россиянинг 20 та аҳоли масканини қўлга киритди
Украина қуролли кучлари Россиянинг Курск вилоятидаги 20 та аҳоли пунктини тўлиқ ёки қисман эгаллаб олди ва хандақ қазишни бошлади, дея хабар қилмоқда Moskow Time.
Украина
Қуролли кучлари назорати остида бўлган ва улар эгаллаган ҳудуд 100 кв. км. дан
ошган. Бир кун олдин қўлга олинган Суджа яқинида Украина Қуролли кучлари
истеҳкомлар қуришни бошлади ва зирҳли техникаларни Украинадан чегара орқали
келишда давом этмоқда, деб ёзади
ҳарбий мухбир Юрий Котенок.
"Вазият ёмонлашишда давом этмоқда", дейди уруш
тарафдори блоггер Юрий Подоляка. Унинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучлари
Ивницада мустаҳкам
ўрнашиб олишга муваффақ бўлди ва жанглар Кромские Бики аҳоли манзили томонга кўчган, Курск АЭСгача 30
километрга яқин масофа
қолган.
Bloomberg агентлигига Кремлга яқин манбанинг айтишича,
Россия разведкаси Украина Қуролли кучларининг яқинлашиб келаётган босқинидан
икки ҳафта давомида хабардор бўлган. Унинг сўзларига кўра, огоҳлантиришга Бош
штаб раҳбари Валерий Герасимов эътибор бермаган ва Владимир Путинга маълумотларни етказмаган. Украина
эса АҚШдан Россия аэродромларига зарба бериш учун Американинг узоқ масофали ATACMS
ракеталаридан фойдаланишга рухсат беришни сўради, деб ёзади The Washington Post
ўз номини ошкор этмаган расмийга таяниб. Унинг сўзларига кўра, агар Вашингтон
ракеталардан фойдаланишга рухсат берса, бу Киевга “Россия билан музокаралар
учун зарур таъсир кўрсатади”.
Липецк вилоятида дрон ҳужумидан кейин 4 та аҳоли пункти эвакуация
қилинди
Липецк вилоятида учувчисиз учоқлар орқали уюштирилган йирик ҳужум
оқибатида олти киши жароҳатланди, деди вилоят губернатори Игорь Артамонов. Липецк
муниципал округида фавқулодда ҳолат эълон қилинди ва тўртта аҳоли пункти
аҳолисини эвакуация қилиш бошланди. Липецк шаҳри ва Липецк муниципал округида йўловчи ташиш тўхтатилди.
Инфратузилмага шикаст етгани сабабли электр таъминотида узилишлар юз берган,
бироқ вазият нормаллашган. Бундан ташқари, ҳарбий аэродром ҳудудида ёнғин
бошланган. Липецк вилоятидан ташқари Россиянинг яна учта вилояти ҳужумга
учраган: Белгород вилояти узра 29 та дрон уриб туширилган, Старий Осколда иккита
хусусий уй зарар кўрган, Брянск вилоятида эса тўртта дрон йўқ қилинган.
Қримда меҳмонхоналар ёпилади
Украинада уруш бошланганидан бери Қрим ва Севастополда
меҳмонхона компаниялари сони камайди. Kontur.Focus тадқиқотига кўра, 2024 йил
июлига қадар Қримда меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи 1,6 минг юридик шахс
рўйхатга олинган, бу бир йил аввалгидан 2 фоизга, 2022 йилга нисбатан эса 6,35
фоизга камдир. Меҳмонхона бандлигининг энг сезиларли камайиши яриморолнинг
ғарбий қирғоғида қайд этилган. Симферопол аэропорти очилмагунча вазият
яхшиланмаслиги кутилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, асосан кичик
меҳмонхоналар ва меҳмон уйлари ёпилган, йирик меҳмонхона объектлари ишлашда
давом этмоқда.