31.01.2025 11:00
Трамп ноқонуний муҳожирларни Гуантанамога юбормоқчи
АҚШ президенти Дональд Трамп Кубадаги Гуантанамо ҳарбий-денгиз базасини мамлакатда ноқонуний бўлиб турган «алоҳида муҳим хорижлик жиноятчилар»ни сақлаш учун кенгайтириш ҳақида фармон имзолади. Унинг сўзларига кўра, бу марказ 30 минг нафаргача муҳожирни қабул қила олади.
Пентагон ва Миллий хавфсизлик вазирлиги Гуантанамода ноқонуний муҳожирлар учун қўшимча ҳибсхоналар ажратиши керак.
«Америка халқига таҳдид солувчи энг хавфли ноқонуний жиноятчиларни сақлаш учун 30 минг жойимиз бор. Уларни ўз мамлакатларига топширишга ишонмаймиз, шу сабабли Гуантанамога юбормоқчимиз», дея изоҳ берди Трамп.
Шунингдек, бу чора АҚШ расмийларининг ноқонуний муҳожирларни ҳибсга олиш қобилиятини икки баравар оширади.
Гуантанамодаги мигрантларни сақлаш маркази АҚШнинг қаттиқ қўриқланадиган ҳарбий қамоқхонасидан алоҳида жойлашган. У асосан денгизда қўлга олинган гаитиликлар ва кубаликлар учун ишлатилган.
Трамп шунингдек, Лейкен Райли қонунини имзолади. Бу қонун ҳуқуқ-тартибот идораларига АҚШда ўғирлик ва зўравонлик жиноятларида гумон қилинган ноқонуний муҳожирларни ҳибсга олишга кенгроқ ваколат беради.
Ҳуқуқ фаоллари Трампнинг Гуантанамо базасини муҳожирлар учун ҳибсхона сифатида ишлатиш қарорини қоралади. Аввалги президент Барак Обама Гуантанамо қамоқхонасини ёпишни ваъда қилганди, аммо бу амалга ошмаган.
Трампнинг бу қарори АҚШда иммиграция сиёсати кескинлашганини кўрсатмоқда.