02.01.2025 12:32

Трамп Гренландияни ресурслари учун АҚШ таркибига қўшиб олмоқчими?

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Гренландия устидан назорат ўрнатиш зарурлигини иқлим ўзгариши ва геосиёсий курашнинг кучайиши шароитида оролнинг стратегик аҳамияти билан изоҳлади. 

The New York Times нашрининг ёзишича, глобал исиш Арктикадаги шароитларни сезиларли даражада ўзгартириб, ресурслар ва юк ташиш йўлларига кириш учун янги имкониятлар яратмоқда.

Сўнгги 30 йил ичида Гренландиянинг муз қоплами 28,7 минг кв км га қисқарган. Бу – Массачусетс штати майдонига тенг. НАСАнинг огоҳлантиришича, музнинг тўлиқ эриши глобал денгиз сатҳининг 7,4 м га кўтарилишига олиб келади, аммо эриш нефт, газ ва муҳим фойдали қазилмаларни қазиб олиш имкониятини ҳам очади. Ушбу ҳолат аллақачон халқаро қизиқишни уйғотган.

Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Роберт О'Браен сайланган президентнинг ниятларини қўллаб-қувватлаб, Гренландия “Арктикадан Шимолий Америкага олиб борадиган магистрал” эканини айтди.  

Бироқ Гренландия бош вазири Муте Эгеде кескин муносабат билдирди: "Биз сотилмаймиз ва ҳеч қачон сотилмаймиз".

Дания мудофаа вазири Троелс Лунд Поулсен Трампнинг баёнотларига жавобан мамлакат оролни ташқи босимдан ҳимоя қилиш учун мудофаа харажатларини оширишини айтди.

Иқлимшунослар ҳам экологик хавф ҳақида огоҳлантирмоқда. Браун университети профессори Аманда Линчнинг қайд этишича, Арктикада сўнгги 10 йилда юк ташиш ҳажмининг 37 фоизга ошиши ўсиши янги шартларга тайёр бўлмаган кемалар туфайли нефт тўкилиши ва бошқа офатларга олиб келиши мумкин.

Декабрь ойи охирида The New York газетаси Трампнинг Гренландияни олишга “100 фоиз содиқ”лиги ҳақида хабар берган эди. The Washington Post нашрининг ёзишича, Трампнинг оролнинг стратегик зарурияти ҳақидаги сўзлари, шунингдек, Панама каналига ишоралар АҚШнинг Россия ва Хитойни жиловлаш миссияси билан ҳам боғлиқ.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.