21.01.2025 07:15

Трамп Ғазодаги сулҳнинг давом этишига ишончи комил эмаслигини айтди

АҚШ президенти Дональ Трамп “Овал Офисда кўплаб президент фармонларини имзолаш маросимида кун тартиби ҳақида матбуот вакилларига қисқа баёнотлар берди.

Ғазода ўт очишни тўхтатиш келишуви сақланиб қолишига ишончингиз комилми, деган саволга Трамп: "Ишонмайман. Бу бизнинг урушимиз эмас. Бу уларнинг уруши, - дея жавоб берди. - Менимча, бошқа томон (ҲАМАС) жуда заифлашди”.

“Мен Ғазонинг суратига қарадим. Ғазо катта вайронагарчилик ҳудудидир. Аслида, уни бошқача тарзда қайта қуриш керак”, - деган Трамп Ғазони қайта қуришга ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлади.

"Ғазо қизиқарли жой, - дея сўзини давом этди Трамп. - Денгиз бўйида ажойиб жой ва ажойиб атмосферага эга. У ерда жуда кўп яхши нарсаларни қилиш мумкин, Ғазода ҳақиқатан ҳам яхши нарсаларни қилиш мумкин”.

Эслатиб ўтамиз, 20 январь куни Дональ Трамп АҚШнинг 47-президенти сифатида расман фаолиятини бошлади. У инаугурация маросимида ўзининг келгуси фаолияти бўйича муҳим режаларини маълум қилди. Бу режалар орасида жанубий чегараларни ноқонуний муҳожирлардан тозалашдан тортиб, Мексика кўрфази номини ўзгартириш, Панама каналини қайтариб олиш ва бошқалар ўрин олган. У фақат икки: эркак ва аёл жинсини мустаҳкамлашга ҳам ваъда берди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.