20.01.2025 06:30

Ғазода сулҳ кучга кирди: ҲАМАС 3 асирни, Исроил 90 фаластинликни озод қилди

19 январ куни Ғазо секторида белгиланган ўт очишни тўхтатиш режими бир неча соат кечикиш билан амал қила бошлади. Исроил ва ҲАМАС ўртасида Қатар, Миср ва АҚШ воситачилигида тузилган сулҳ келишуви доирасида асирларни алмашиш жараёни бошланиши керак эди.

Исроил ҲАМАСдан асирликдаги шахсларнинг тўлиқ рўйхатини олгандан кейингина зарбаларни тўхтатишга рози бўлди. Бошланғич келишувда 33 фуқаронинг озод этилиши эвазига Исроил 700 дан ортиқ фаластинлик маҳбусларни қўйиб юбориш мажбуриятини олди. ҲАМАСда исроиллик асирлар сони 98 нафар экани қайд этилган.

Сулҳ бошланиши керак бўлган соатларда ҳам Исроил ўз ҳужумларини давом эттирди. ҲАМАСнинг мажбуриятларини кечиктириши сабабли Ғазо сектори бўйлаб янги ҳаво зарбалари берилди. Ҳодисаларда 10 киши ҳалок бўлгани хабар қилинди. Улардан олти киши Ғазо шаҳрида, уч киши шимолда ва бир киши Рафаҳда қурбон бўлган.

Келишув кучга кирганидан сўнг ҲАМАС уч нафар исроиллик асирни халқаро "Қизил Хоч" ташкилотига топширди. Асирларга ҲАМАС томонидан уларнинг ҳар бири қаерда сақлангани, асирга олинган ва озод қилинган вақтлари, бу пайтда нималар қилгани ёзилганмахсус сертификатлар, эсдалик совғалари ва Фаластин харитаси берилди. Асирларни топширишга бағишланган видеоролик "Сизнинг Ғазо шимолида бўлганингиз - бизга ғалаба берди" деган ёзув билан тугади.

Ўз навбатида, Исроил қамоқхоналарида сақланаётган 90 фаластинликни озод қилди. Ҳозирда 10 минглаб фаластинликлар Исроил қамоқхоналарида қолмоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.