АҚШда президентлик сайловлари учун пойга анъанавий тарзда бошланадиган Айова штатида ноябрь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига Республикачилар партиясидан номзод кўрсатадиган праймериз – партияичи дастлабки сайловлар сериясида овоз бериш якунланди.

AP ахборот агентлиги эълон қилган дастлабки овоз бериш натижаларига кўра, Трамп ўз рақиблари - Флорида губернатори Рон ДеСантис ва АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси Никки Хейлини ортда қолдириб, Айова штатида энг кўп овоз тўплади.

Республикачи сайловчилар йиғилиши (кокус) шаклида ўтказилган праймериз натижаларига кўра, Трамп 51 фоиз овоз олиб, ишончли ғалабага эришди. ДеСантис 21 фоиздан сал кўпроқ овоз билан иккинчи, Хейли эса 19 фоиз овоз билан учинчи ўринни эгаллади.

Айни пайтда республикачилардан яна бир номзод Вивек Рамасвами Трамп фойдасига пойгадан чиқди.

Айова штатидаги республикачи сайловчилар орасида Рамасвами 7,7 фоиз билан қўллаб-қувватланди.

Ҳар бир штатда праймериз ёки кокус шаклида ўтказиладиган навбатдаги АҚШ праймеризлари Нью-Ҳемпширда 23 январь куни бўлиб ўтади. Дастлабки сайлов жараёнлари 8 июнга қадар давом этади.

Июль ва август ойларида бўлиб ўтадиган партия қурултойларида Демократик партия ҳам, Республикачилар партияси ҳам президентлик сайловлари учун ўз расмий номзодларини аниқлайди.

5 ноябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловида ғалаба қозонган номзод 2025 йилнинг 20 январида лавозимига киришади.

Мавзуга алоқадор