Тожикистонда ҳижоб ва болаларнинг ҳайит байрамларини нишонлаши тақиқланди
Тожикистон парламентининг юқори палатаси чоршанба куни “Анъаналар ва маросимлар тўғрисида”ги қонунга исломнинг икки байрами – Рамазон ва Қурбон ҳайити кунларида «Идгардак» анъанавий болалар сайлларини ўтказишни тақиқловчи тузатишларни маъқуллади.
Қайд этилишича,
бир неча йил аввал Тожикистон Уламолар кенгаши маҳаллий «Идгардак» анъанасини, яъни
болаларнинг рўза ва ҳаж тугаши муносабати билан уйма-уй юриб, ширинликлар
олишини диний меъёрларга зид деб фатво берган эди.
Болаларнинг
ислом байрамларини нишонлашига оид қонунчилик билан бир қаторда, “миллий
маданиятга ёт кийимларни олиб кириш, сотиш ва жамоат жойларида кийишни”
тақиқловчи “бегона кийимлар” кийишни тақиқлаш ҳам тасдиқланди.
“Барча
қонунлар белгиланган тартибда қабул қилинди”, деди чоршанба куни Озоди
радиосига Мажлис Миллий матбуот котиби Наврўз Қурбонзода.
ASIA-Plus
нашрининг хабар беришича, қонун қайси
турдаги кийимлар “миллий маданиятга ёт” деб топилиши ва сотиш ва кийиш тақиқланишини
аниқ тартибга солмаган, бироқ жорий йилнинг март ойида мамлакат президенти Эмомали
Раҳмон тожик дин арбоблари билан учрашувда ҳижоб ва сатрни бегона кийимлар
рўйхатига киритганди.
“Кийимда
ёт маданиятга тақлид қилиш, яъни бировнинг сатр ва ҳижоб деб аталмиш кийимини
кийиш жамиятимиз учун яна бир долзарб муаммодир, - деганди Тожикистон
президенти. - Кийиниш одоб-ахлоқи ва урф-одатларини бегоналаштириш маданият
мустақиллиги ва миллатнинг миллий-маданий ўзига хослигига путур етказувчи
маданий бегоналашувдир”.