20.08.2025 07:05
55
Тожикистонда фолбин ёки сеҳргарларга борганлар ҳам жазоланиши мумкин
Тожикистон ҳукумати мамлакат парламентига фолбин ва сеҳргарларга бориш ва уларнинг хизматларидан фойдаланиш учун ҳам жарималар жорий этишни таклиф қилди. Бу ҳақда ASIA-Plus хабар бермоқда.
Агар таклиф қабул қилинса, фолбин ва сеҳргарларнинг мижозларига 750 сомонийгача (81 доллар атрофида) жарима солинади.
Қайд этилишича, сўнгги бир йил ичида Тожикистон расмийлари фолбинлик ва сеҳргарлик билан шуғулланувчиларга қарши курашни кучайтирган. Ўтган йилнинг ёзида Тожикистон ички ишлар вазирлиги фолбин ва сеҳргарларга борган фуқароларни ҳокимият идораларига чақириб, уларнинг исмлари ва фотосуратларини идора маълумотлар базасига жойлаштиришини билдирган.
Вазирликнинг тушунтиришича, бу фолбин ва сеҳргарларнинг фаолиятига чек қўйиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Маълумот учун, Тожикистонда фолбинлик ва сеҳргарлик билан шуғулланганлик учун 6000 сомонийдан 7500 сомонийгача (тахминан 631,6 доллардан 789,5 долларгача) жарима тайинланади.