16.10.2024 11:44

Тожикистон ўз фуқаролари ҳуқуқлари поймол этилаётгани юзасидан Россияга талабнома юборди

Тожикистон инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Умид Бобозода россиялик ҳамкасби Татьяна Москальковага Россияда меҳнат қилаётган мигрантларнинг ҳуқуқлари поймол этилаётгани юзасидан хавотир билдирилган талабнома юборди. 

«ОАВ ва ижтимоий тармоқлар хабарларидан маълум бўлишича, айни пайтда Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат муҳожирларининг ҳужжатлари қонунийлиги текширилмоқда. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеоматериалларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари муҳожирларга нисбатан қўполлик, калтаклаш, ҳақорат каби тақиқланган усулларни қўллаётганини кўриш мумкин. Биз муҳожирларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилаётганидан хавотирдамиз», – дейилади талабномада.

Бобозода, шунингдек, тожикистонликлар, хусусан, давлат хизматчилари, талабалар, кексалар, аёллар ва болалар Россия чегарасида узоқ вақт ҳибсда қолаётгани, уларга зарур шарт-шароитлар яратиб берилмаётганини ҳам танқид қилган.

Тожикистон омбудсмани россиялик ҳамкасбига ўз мамлакати фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш муҳимлигини эслатиб, бу каби ҳолатларни мониторинг қилишда кўмак сўраган.

5 октябрда ҳам Тожикистон бош вазири Коҳир Расулзода Россия бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин билан учрашувда Россияда тожикистонликларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлар бузилаётгани масаласини кўтарганди.

«Россияда миграция соҳасини тартибга солиш бўйича чора-тадбирлар давомида фуқароларимизнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларининг кенг миқёсда бузилиши тенденциясидан хавотирга тушмаслик мумкин эмас», – деган Расулзода.

10 октябрь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон эса Россия Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенко билан учрашувда меҳнат миграцияси масалаларини муҳокама қилди.

Қайд этиш жоизки, Москва вилоятидаги «Крокус Сити Холл»да  рўй берган қўпорувчилик ҳаракатидан сўнг Россияда нафақат Тожикистон, балки бутун Марказий Осиёдан борган меҳнат муҳожирларига нисбатан сиёсат қаттиқлашди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.