30.07.2024 10:40

Тожикистон уламолари “қора рангдан сақланишга” чақирди

Тожикистон Ислом маркази Уламолар кенгаши тор қора кийим кийишни тақиқловчи фатво чиқарди.

Тожикистон аҳолиси тор қора кийим киймасликлари керак. Бу ҳақда Тожикистон Ислом маркази Уламолар кенгаши томонидан 26 июль куни чиқарилган “Миллий кийим тўғрисида” фатвода айтилган. Ҳужжатга кўра, фатво беришда уламолар ҳанафий ҳуқуқий мазҳаби қоидаларига таянган.

“Динимиз нуқтаи назаридан қора ранг мажбурий бўлмагани, миллий хусусиятларимиз ва географик шароитимизга ҳам тўғри келмагани сабабли аёлларнинг тор ва қора кийимлари, шойи ва тана аъзоларини кўрсатадиган бошқа либосларни кийишлари тавсия этилмайди”, дейилади фатвода.

Уламоларга кўра, аёллар "тожик аёллари қадимдан кийиб келган" рўмол, кўйлак ва шалварларни кийиб юришлари лозим.  

“Жамият барқарорлиги ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш, диний ва миллий одоб-ахлоқ меъёрларини ҳурмат қилиш мақсадида аҳоли маданиятимиз, динимиз ва миллатимизга ёт, ахлоққа тўғри келмайдиган, ғаразли мақсадларда тарғиб қилинадиган ҳар қандай кийим кийишдан ўзини тийиши лозим”, — дейилади фатвода.

Тожикистон уламолари исломда кийимнинг бичими ёки ранги бўйича ҳеч қандай чекловлар йўқлигини таъкидламоқда. Турли хил рангдаги ва ранг комбинациясидаги кийимларни кийиш мақбулдир, аммо "қора рангдан қочиш керак". Бундан ташқари, тор ёки очиқ кийим кийиш ҳам тавсия этилмайди.  

Аввалроқ мамлакат президенти Эмомали Раҳмон сатр ва ҳижоб – мусулмон аёллар учун бош ва бўйнини ёпувчи рўмолни тожиклар учун бегона, деб атаган эди. Июнь ойида эса Тожикистон президенти исломий байрамларда “бегона кийимлар” кийишни ва болаларнинг байрамларни нишонлашларини тақиқловчи қонунларни имзолаган эди.

Маълумот учун, Тожикистонда қора рангли диний либосларни олиб кириш, сотиш ва жамоат жойларида кийиш учун жарима белгиланган. Тақиқни бузган шахслар 7920 сомоний ёки 733 доллар, мансабдор шахслар эса 39600 сомоний ёки 3668 доллар жаримага тортилиши мумкин.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.