01.11.2024 08:29

Тожикистон Counter Strike ва GTA сингари ўйинларни тақиқлади

Тожикистонда машҳур Grand Theft Auto (GTA) ва Counter-Strike ўйинлари тақиқланди. Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Маданият вазирлигининг тарихий-маданий экспертизаси маълумотларига таяниб, зўравонлик, қотиллик ва талончилик саҳналари билан тўлдирилган ушбу ўйинлар ёшларга салбий таъсир кўрсатишини маълум қилди.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, бундай ўйинлар таъсирида ўсмирларда тажовузкор хулқ-атвор пайдо бўлиб, жиноят содир этишга мойиллиги кучаймоқда. Маданият вазирлиги, ўз навбатида, бундай ўйинлар мамлакатнинг ахлоқий ва маданий меъёрларига тўғри келмаслигини таъкидлаган ва бу тақиқ учун асос бўлган.

Душанбе полициясининг изоҳ беришича, чекловлар компьютер клублари ва ўйин марказлари эгаларига тегишли бўлиб, улар эндиликда ўз ҳудудларида тақиқланган ўйинлар ўйналмаслиги керак. Мазкур чора-тадбирлар ижросини назорат қилиш мақсадида республика бўйлаб компьютер клубларида рейдлар ўтказиш режалаштирилган.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги ота-оналарга салбий таъсир кўрсатишининг олдини олиш учун фарзандлари қайси ўйинларни афзал кўришини диққат билан кузатишни тавсия қилди.

Аввалроқ Россия Давлат Думаси ҳам зўравонлик, шафқатсизликни тарғиб қилувчи ёки одобсиз сўзларни ўз ичига олган Counter Strike ва GTA каби ўйинларни тақиқлашни таклиф қилган эди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.