Тожикистон бош муфтийси Саидмукаррам Абдуқодирзода 11 сентябрь куни пойтахт Душанбедаги марказий масжид яқинида содир этилган ҳужумда яраланди, деб хабар берди республика Ички ишлар вазирлиги.

Вазирлик маълумотларига кўра, “безори ниятли” шахс масжиддаги намоздан сўнг муфтийни “тешувчи буюм” билан пичоқлаган. Муфтий енгил тан жароҳати олган ва тиббий кўрикдан сўнг уйига жўнатилган. Ички ишлар вазирлиги ҳужумчи қўлга олинганини қўшимча қилди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жароҳатланган муфтий 61 ёшда бўлиб, 2010 йилдан буён Тожикистон Уламолар кенгашини бошқариб келмоқда. Муфтий диний таълимни Покистонда олган.

Уламолар кенгаши республикадаги мусулмонларнинг олий органи ҳисобланади. Мамлакатда фақат ушбу ташкилот фатво бериш ҳуқуқига эга.

Июнь ойида Тожикистон парламенти исломий либослар ва Рамазон ҳайитини нишонлашни тартибга солувчи янги қонун лойиҳасини қабул қилганидан кейин ҳижоб ва бошқа “хорижий кийим” кийишни расман тақиқлаган эди. Март ойида мамлакат президенти Эмомали Раҳмон ҳижобни “хорижий кийим” деб атаган эди. Унинг ҳукумати муқобил сифатида анъанавий тожик миллий кийимларини тарғиб қилишга ҳаракат қилмоқда.

Янги қонунга кўра, ҳижоб ёки бошқа тақиқланган диний кийим кийган шахслар 7920 сомоний (тахминан 700 доллар) миқдорида жаримага тортилиши мумкин. Ҳукумат амалдорлари ва диний арбоблар қонунбузарлик аниқланса, 54 000 дан 57 600 сомонийгача (4 800 дан 5 100 долларгача) янада юқорироқ жаримага тортилади.

Июль ойида мамлакат ҳукумати бундан ҳам узоқроққа борди ва аҳолига қора кийим киймасликни тавсия қилди. Мамлакат расмийлари ҳам норасмий равишда эркакларни қалин соқол қўйишдан қайтариб келмоқда. Ҳуқуқ фаоллари Тожикистон расмийларининг ҳижоб ўраш қарорини эътиқод эркинлигининг бузилиши сифатида танқид қилди.

Мавзуга алоқадор