30.07.2024 14:35

Толибон Афғонистоннинг собиқ ҳукуматига содиқ элчихоналари билан алоқаларини узди

Толибон ҳукумати Афғонистоннинг Ғарб мамлакатларидаги собиқ маъмуриятга содиқ қолаётган бир қатор элчихоналари билан консуллик алоқаларини узганини маълум қилди, дея хабар берди Arab News.

Толибон 2021 йили Афғонистон бошқарувини қўлга олгач, айоим хорижий ваколатхоналарда хизмат қилаётган дипломатлар собиқ ҳукуматга хизмат қилишда давом этишга ваъда бериб, ноаниқ вазиятга тушиб қолганди.

Ҳозирча ҳеч бир давлат Толибон ҳукуматини расман тан олгани йўқ, бироқ сўнгги уч йил ичида Кобул расмийлари қўшни айрим элчихоналарга ўз элчиларини тайинлади.

Аммо сешанба куни Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги Кобулнинг янги ҳукумати талабларига мос келмайдиган ишончномалар, паспорт ва визалар учун “масъул эмаслигини” маълум қилди.

Хусусан, мамлакатнинг Лондон ва Берлиндаги, шунингдек Бельгия, Швейцария, Австрия, Франция, Италия, Греция, Польша, Швеция, Норвегия, Канада ва Австралия каби мамлакатлардаги элчихоналари билан алоқалар расман узилган.

“Ташқи ишлар вазирлиги бир неча бор Афғонистоннинг Европа мамлакатларидаги сиёсий ва консуллик ваколатхоналарини Кобул билан алоқа ўрнатишга чақирган, — дейилади баёнотда. Афсуски, аксарият миссияларнинг ҳаракатлари ўзбошимчалик билан, мувофиқлаштирилмасдан ва мавжуд умумэътироф этилган тамойилларни аниқ бузган ҳолда амалга оширилмоқда".

Баёнотда айтилишича, хорижда яшаётган афғонлар Афғонистон Ислом Амирлиги билан боғлиқ миссиялар билан шуғулланишлари керак.

Айни пайтда Покистон, Хитой ва Россиядаги Афғонистон элчихоналари Толибон ҳукумати буйруғи билан фаолият юритмоқда.

Кобул билан алоқаси узилган элчихоналар оғир молиявий аҳволга тушиб қолган, улар асосан консуллик йиғимларига ишониб, ходимларнинг маоши, ижара ҳақи ва тўловларни тўлашмоқда. Ушбу даромадларсиз уларнинг фаолият юритиши қийин бўлади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.