27.04.2024 09:45

“Толибон” 3 та қўшни давлатни ИШИДга ёрдам беришда айблади

“Толибон” ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий Кобулдаги афғон-қозоқ кўргазмаси очилишида Афғонистонга қўшни уч давлатни ИШИДга ёрдам беришда айблади.

Sputnik Афғонистоннинг маълум қилишича, Муттақий уларнинг номини аниқ айтмади, бироқ бири ИШИДни жангарилар билан таъминлаши, иккинчиси уни тайёрлаш билан шуғулланаётгани, учинчиси эса буларнинг барчасини молиялашини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Афғонистонда ИШИД уялари йўқ қилинган.

“Толибон” Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Абдул-Қаҳҳор Балхийнинг қўшимча қилишича, Муттақий ўз ҳудудларидан мос равишда инсон ресурслари, транзит, мувофиқлаштириш ва молиялаштириш мақсадида фойдаланган уч давлатни назарда тутган.

“Толибон” разведкасига яқин деб ҳисобланувчи Almirsaad нашри гап Тожикистон, Покистон ва Эрон ҳақида кетаётганини тахмин қилмоқда.

Аввалроқ “Толибон” етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода ИШИД ва бошқа гуруҳларга қарши кураш бўйича махсус бўлинма тузишга буйруқ бергани хабар қилинган эди. Мазкур бўлинмага ишсиз “Толибон” жангариларини сафарбар қилиш топширилган. Бўлинма замонавий жиҳозлар билан қуроллантирилиб, разведка маълумотлари асосида махсус операцияларни амалга оширади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.