09.01.2025 09:12

Таҳлил: Суриядаги фуқаролар уруши ва санкциялар иқтисодга қандай таъсир қилди?

Сурия иқтисодиёти ўн йилдан ортиқ давом этган фуқаролар уруши ва уни жаҳон молиявий тизимидан ажратиб қўйган санкциялар туфайли вайрон бўлди. Ушбу мақолада Сурия иқтисодиётининг ҳозирги ҳолати ва можаронинг савдо ҳамда давлат молиясини қандай ўзгартирганига доир умумий маълумот келтирилади.  

Сурия иқтисодиёти қай аҳволда? 

2024 йил баҳорида келтирилган Суриянинг расмий маълумотларига кўра, 2010-2021 йиллар оралиғида мамлакат иқтисодиёти икки баробардан кўпроққа қисқарган. Бироқ Жаҳон банки бу рақам паст баҳоланган бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Унинг ноаниқ маълумотларга таяниб қилинган ҳисоб-китобларига кўра, умумий иқтисодий фаолият кўрсаткичи  2010-2023 йиллар оралиғида 84 фоизга кескин қисқарган 

Жаҳон банки 2018 йилда Сурияни кам даромадли мамлакат сифатида қайта таснифлади. БМТ агентликлари 23 миллион сурияликнинг 90 фоиздан ортиғи қашшоқлик чегарасидан пастда яшашини қайд этди. 

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Сурия иқтисодиёти 2022 йилда 23,63 миллиард долларни ташкил этган – бу ҳар бири уч миллиондан кам аҳолига эга бўлган Албания ва Арманистон билан деярли тенг дегани. 

Сурия валютасига нима бўлди? 

Суриянинг иқтисодий инқирози 2019 йилда қўшни Ливан инқирозга юз тутганида янада чуқурлашди. Сўнгра Сурия чекланган қаттиқ валютага киришни таъминлаш мақсадида турли операциялар учун кўплаб валюта курсларини жорий этди. Декабрь ойида иқтидорга янги ҳокимият келганидан сўнг Марказий банк расман ягона валюта курсини жорий этишга ваъда берди. 

Марказий банкнинг душанба кунги маълумотларида расмий курс 13 065 ни кўрсатди. Бу 2011 йил март ойида долларга нисбатан тахминан 47 га тенг бўлган курс билан солиштирганда кескин кўтарилишдир. Бунинг сабаби мамлакатни фуқаролар уруши қамраб олганидир. Karam Shaar Advisory сайти қора бозор курслари Асад қулаши атрофида 22 000 гача кўтарилганини кўрсатди, аммо душанба куни 12 800 ни ташкил этди. 

Янги ҳукумат Майсаа Сабринени Марказий банк раҳбари этиб тайинлади. У банкнинг 70 йилдан ортиқ тарихидаги биринчи аёл раҳбар бўлди.  

Марказий банкнинг жорий захиралари нималардан иборат? 

Янги раҳбарият давлат хазинасида нималар қолганини аниқлаш устида ишламоқда. 

Муваққат бош вазир Муҳаммад ал-Баширнинг айтишича, чет эл валютаси захиралари жуда паст. Манбаларнинг Reuters агентлигига маълум қилишича, Марказий банк ғазналарида тахминан 200 миллион доллар, шунингдек, жорий бозор нархларида 2,2 миллиард долларлик 26 тонна олтин қолган. 

Бу ХВЖ томонидан 2010 йилда ҳисобланган 18,5 миллиард долларлик захиралардан сезиларли даражада паст ва уч ойлик импорт қопламаси минимал хавфсиз чегара деб ҳисобланган. 

Ғарб ҳукуматлари уруш бошланганидан бери Суриянинг юзлаб миллион долларлик активларини музлатиб қўйган, аммо уларнинг аниқ ҳажми ва жойлашуви номаълум. 

Жумладан, Швейцария ҳукумати ҳозирда мамлакатда 99 миллион Швейцария франки (112 миллион доллар) қийматидаги музлатилган Сурия активлари борлигини маълум қилди. Syria Report ахборот бюллетени эса апрель ойида Британияда 163,2 миллион фунт стерлинг (205,76 миллион доллар) миқдорида музлатилган активлар бўлганини тахмин қилганди. 

Айни пайтда Ғарб ҳукуматлари Сурияга музлатилган маблағлардан дори-дармон ва озиқ-овқат каби гуманитар мақсадларда фойдаланишга рухсат берган. Ўз навбатида, янги ҳукумат баъзи ислоҳотларни молиялаштиришга ёрдам бериш учун чет элда музлатилган активлардан 400 миллион долларгача олишни мўлжаллаётганини маълум қилди. Жумладан, келгуси ойда давлат секторидаги баъзи ходимларнинг иш ҳақларини 400 фоизга ошириш кўзланган. 

Уруш ва санкциялар савдо ва иқтисодиётга қандай таъсир кўрсатди? 

Жаҳон банки маълумотларига кўра, нефть ва туризмдан тушган даромадларнинг камайиши Сурия экспортини 2010 йилдаги 18,4 миллиард доллардан 2021 йилда 1,8 миллиард долларга туширди. Импорт ҳам камайди, аммо камроқ фарқ билан – 22,7 миллиарддан 6,5 миллиард долларгача, чунки импорт асосан ёқилғи ва озиқ-овқат маҳсулотларига боғлиқ эди. 

Экспертларнинг таъкидлашича, фуқаролар уруши давридаги иқтисодиётнинг қисқариши ва бошқа омиллар давлат молия тизимига босим ўтказди ва уни баъзи импорт учун тўловларни амфетаминга ўхшаш психотроп моддалар сотишдан ёки ёқилғи контрабандасидан олинган ноқонуний нақд пул билан амалга оширишга мажбур қилган. 

Жаҳон банки маълумотларига кўра, айниқса “каптагон” синтетик гиёҳванд моддасини ишлаб чиқариш энг қимматли иқтисодий секторга айланди ва Суриядан келадиган бу модданинг умумий бозор қиймати 5,6 миллиард долларгача етгани тахмин қилинмоқда. 

Энергия муаммолари нималардан иборат? 

2010 йилда Сурия кунига 380 минг баррель (bpd) нефть экспорт қилган. Қаттиқ валюта даромадининг бу манбаи 2011 йилда можаро бошланиши билан йўқолди. Турли гуруҳлар, жумладан, ИШИД ва курд жангчилари нефть конларини эгаллаб олишди, курдлар АҚШ компаниялари билан шартномалар имзолади. Санкциялар эса қонуний экспортни қийинлаштирди.

Бу йўқотиш Сурияни асосан иттифоқчилари энергия импорти борасида Россия ва Эронга қарам қилиб қўйди. Horizon Engage хавф-хатарни баҳолаш консалтинг компаниясининг санкциялар бўйича катта маслаҳатчиси Рейчел Зимбанинг айтишича, Сурия декабрь ойи охирида Теҳрон ёрдамни тўхтатгач, Эрондан ойига тахминан 1-3 миллион баррель ёқилғидан маҳрум қолган.

Унинг қўшимча қилишича, санкциялар ва етакчи исёнчи гуруҳ "Ҳаят Таҳрир Аш-Шом" (ҲТШ)нинг террористик ташкилот деб эълон қилиниши туфайли халқаро банкларга кириш имконияти йўқлиги тижорат ёқилғиси харид қилишни мураккаблаштирмоқда.

Қишлоқ хўжалиги қандай зарар кўрди?

Можаро ва қурғоқчилик фермерлар сонини камайтирди, суғориш тизимларига зарар етказди ҳамда уруғлик ва ўғитларга эришиш имкониятини чеклади.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб чиқариши 2021 ва 2022 йилларда рекорд даражада пасайди, биргина буғдой етиштириш урушдан олдинги йиллик тўрт миллион тоннадан бир миллион тоннагача тушиб кетди.

Сурия Россиядан йилига бир миллион тоннага яқин дон импорт қилган, аммо янги ҳукумат назоратни қўлга олгандан сўнг бу ҳам тўхтаб қолди. Украина етказиб беришга тайёрлигини билдирди, аммо Сурия бунинг тўловини қандай амалга ошириши номаълум.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.