04.01.2025 12:10

Германия ва Франция ТИВ раҳбарлари Европа Иттифоқи номидан Сурияга келди

3 январь куни Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ва Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро Европа Иттифоқи номидан Сурияга расмий ташриф буюрди. Улар мамлакатнинг янги раҳбари Аҳмад аш-Шаръ ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари билан музокаралар ўтказди.

Бу ташриф Европа Иттифоқи учун ўта муҳим сиёсий қадам ҳисобланади, чунки Асад режими ағдарилгандан кейин биринчи марта Европа ташқи ишлар идоралари раҳбарлари Дамашққа ташриф буюрди. Германия Ташқи ишлар вазирлиги сайтида берилган баёнотда тинчлик жараёни, инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва ҳокимиятни тинч йўл билан топширишга ёрдам бериш мақсади таъкидланган.

Бербокнинг сўзларига кўра, янги Сурия ҳукуматида барча этник ва диний гуруҳлар ҳамда аёллар сиёсий жараёнларда тўлиқ иштирок этиши лозим. 
«Сурия халқи ўз тақдирини ўзи белгилаш имкониятига эга бўлди. Мазкур жараённи мустаҳкамлаш учун халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга», — деди Бербок.

Ташриф давомида Россиянинг Суриядаги ҳарбий базаларини ёпиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Бербок ва Барро буни минтақа суверенитети ва барқарорликни таъминлаш учун зарур қадам деб баҳолади. Европа Иттифоқи Суриянинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини ва ташқи кучлар аралашуви оқибатларини минималлаштириш учун ҳаракат қилаётганини билдирди.

8 декабрда президент Башар Асад режими ағдарилганидан кейин мамлакатда ўтиш ҳукумати тузилди. Янгиланган ҳукуматга Муҳаммад ал-Башир раҳбарлик қилмоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.