07.01.2025 10:33

АҚШ Сурияга нисбатан санкцияларни юмшатди

АҚШ ҳукумати Сурияга қарши санкцияларни олти ойга юмшатиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ўзгариш мамлакатдаги гуманитар вазиятни яхшилаш мақсадида киритилган бўлиб, гуманитар ташкилотлар ва банкларга мамлакатга ёрдам бериш жараёнида АҚШ санкцияларини бузишдан қўрқмасдан фаолият юритиш имконини беради.

Янги қоидалар қуйидаги соҳаларга тааллуқли:

Давлат органлари билан операциялар

Сурия давлат идоралари билан белгиланган шартлар асосида тижорат ва молиявий битимларни амалга оширишга рухсат берилади.

Энергия таъминоти

Нефть, табиий газ ва электр энергияси каби ресурсларни Сурияга сотиш, етказиб бериш ёки сақлаш учун тўсиқлар олиб ташланади. Бу энергия таъминотидаги қийинчиликларни юмшатишга қаратилган қадамдир.

Шахсий пул ўтказмалари

Сурияга нотижорат мақсадлардаги шахсий пул ўтказмаларига, шу жумладан, Сурия Марказий банки орқали операцияларга рухсат берилди.

Бироқ, ҳарбий ва разведка ташкилотлари билан ҳар қандай тижорат ёки молиявий операциялар тақиқланган. Шунингдек, Суриядан нефть импортига нисбатан таъқиқ сақланиб қолади.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.