21.01.2025 08:45

Ўта ўнг партия Италияда ниқобни тақиқлашга чақирмоқда

Италияда ўта ўнгчи «Лига» партияси жамоат жойларида аёлларнинг юзни беркитувчи либос қисми – ниқоб билан юришни тақиқлашни таклиф қилди. Бу ҳақда 20 январь, душанба куни “Российская газета” хабар берди.

Тегишли қонунчилик ташаббуси муаллифлари буни хавфсизлик масалалари билан боғлашди. Шунингдек, ташаббус муаллифларига кўра, аёлларга ҳурмат юзасидан ҳам ниқоб тақиқланиши керак.

Ушбу тақиқ бузилган тақдирда 30 минг еврогача жарима ёки икки йилгача қамоқ жазоси жорий этиш таклиф этилмоқда. Шунингдек, бу турдаги қоидабузарлик Италия фуқаролигини олиш ҳуқуқидан маҳрум этилишга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Википедия маълумотларига кўра, “Салвини бош вазир бўлиши учун Лига” “қисқартирилиб “Лига” дейилади) Маттео Салвини бошчилигидаги ўнг қанот популистик сиёсий партиядир. У Шимолий Лиганинг норасмий давомчиси ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Швейцарияда жамоат жойларида юзни тўлиқ ёпадиган бурқа ёки ниқоб тақиш тақиқланганди. Мамлакат ушбу қоидани кучга киритган Франция, Австрия, Бельгия, Дания каби Европа давлатлари қаторига қўшилганди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.