05.02.2025 07:44
Швецияда мактабга қуролли ҳужум уюштирилди
2025 йил 4 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 13:30 да Швециянинг Эребру шаҳридаги Рисбергска ўрта мактаби кампусида қуролли ҳужум содир бўлди. Ҳужумчи автоматик қурол билан 10 кишини ўлдирган. Швеция Бош вазири Улф Кристерссон бу ҳодисани "Швеция тарихидаги энг ёмон оммавий отишма" деб атади.
Полициянинг маълум қилишича, ҳодиса "террористик мақсадда" амалга оширилмаган ва бошқа ҳужумлар хавфи йўқ.
Бош вазир Улф Кристерссон Адлия вазири Гуннар Стрёммер билан ўтказилган матбуот анжуманида ҳодисани қоралаб, ҳужумнинг сабаблари ҳали номаълумлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу ҳодиса "Швецияда содир бўлмаслиги керак эди".
Адлия вазири Стрёммер ҳужумчи воқеа жойида ҳалок бўлганини ва унинг шахси полицияга аввалдан маълум бўлмаганини тасдиқлади. Ҳужумнинг сабаблари ва мақсадлари ҳозирда тергов қилинмоқда.
Ҳужум Стокгольмдан 200 километр ғарбда жойлашган Эребру шаҳрида содир бўлган. Эребру тахминан 160 минг аҳолига эга бўлиб, Швециянинг олтинчи йирик шаҳри ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Швециядаги энг жиддий мактаб ҳужумларидан бири 2015 йилда Троллҳеттан шаҳридаги Кронан мактабида содир бўлган эди. Ушбу ҳужумда қиличли ҳужумчи икки кишини ўлдириб, бир неча кишини яралаганди.