05.03.2024 12:09

Сувайш канали бўйлаб юк ташиш нархи тўққиз баробар қимматлашди

Қизил денгиз портларига йўл олган кемаларда битта контейнерни ташиш нархи тўққиз баробар ошди. Бу ҳақда Сувайш канали маъмурияти раҳбари Усама Рабиа маълум қилди.

"Қизил денгиз портларига кетаётган кемалар учун юк нархи бир контейнер учун 6800 долларгача кўтарилди, инқироздан олдин улар 750 доллар эди", деди Рабиа.

У, шунингдек, бункер ёқилғиси ва кема суғуртаси нархининг ошишига эътибор қаратди. Бироқ, унинг сўзларига кўра, минтақадаги турли можаролар туфайли сўнгги пайтларда Сувайш канали орқали денгиз юкларини ташиш ҳажми камайган, Умид бурни орқали эса ортган.

Яман Қизил денгиз соҳилларининг катта қисмини назорат қилувчи ҳусийларнинг ҳаракатлари туфайли бир қатор юк ташиш компаниялари Қизил денгиз орқали ташишни тўхтатишга қарор қилди.

Ҳусийлар аввалроқ Исроил билан боғлиқ ҳар қандай кемага ҳужум қилиш ниятлари ҳақида огоҳлантириб, бошқа давлатларни ўз экипажларини улардан чақириб олишга ва денгизда уларга яқинлашмасликка чақирган.

Ўтган йили Мисрнинг Сувайш каналини ишлатишдан олган даромади 10 миллиард доллардан ошган эди. Каналдан тушадиган молиявий даромадлар Миср бюджетининг асосий даромад ўчоқларидан бири бўлиб, давлат ғазнасини доллар билан тўлдиришнинг муҳим манбаи ҳисобланади. Юк оқимини таъминлаш ва Сувайш каналининг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида Миср ҳукумати канални кенгайтириш, у орқали ўтадиган кемалар ҳажмини ошириш лойиҳасини кўриб чиқмоқда, деди Усама Рабиа.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.