10.02.2024 11:01

Қизил денгиз: вазият ёмон эди, бадтарлашди

Дунёдаги энг йирик логистика компаниялари, жумладан Maersk ва Norden бош директорлари АҚШ Қизил денгизда юк ташиш жараёнлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳусийларга қарши ҳарбий амалиётлар ўтказаётганига қарамасдан янада ёмонлашганини маълум қилди. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.

Жорий ҳафтада яна бир йирик юк ташиш компанияси ‑ Mitsui OSK Қизил денгиз орқали юк транзитидаги узилиш бир йилгача давом этиши мумкинлигини билдирди. Узилишлардан келиб чиқадиган иқтисодий йўқотишлар миллиардлаб долларни ташкил этади. Инқироз Сувайш каналидан фойда оладиган Миср ва нефтнинг катта қисмини канал орқали импорт қилувчи Ҳиндистон иқтисодларига энг катта зарба бермоқда. Хусусан, Нью‑Дели Қизил денгиздаги вазият туфайли март ойида якунланадиган молиявий йилда 30 миллиард доллардан кўпроқ зарар кўриши мумкин.

Инқирозга Яман ҳусийлари томонидан тижорат кемаларига ҳужумлар сони ортиб бораётгани сабаб бўлмоқда. Октябрь ойи охиридан бери ҳусийлар Исроилга алоқадор 40 дан ортиқ кемаларга ҳужум қилишган. Охирги ҳужум 7 февраль куни содир бўлди: исёнчилар Қизил денгизда Британия ва Америка кемаларига муваффақиятли ҳужум уюштирилганини даъво қилмоқдалар. Бу эса Жо Байден маъмуриятининг Ямандаги АҚШ-Буюк Британия ҳарбий‑денгиз қўшилари зарбалари самарадорлиги ҳақидаги даъволарини шубҳа остига қўяди.

Bloomberg агентлигининг аниқлик киритишича, ҳужумга учраган иккита кеманинг ҳеч бири жиддий зарар кўрмаган. Бироқ воқеа тижорат кемалари учун юқори суғурта бадалларини тўлаши ёки Африка бўйлаб узоқроқ ва қимматроқ йўналишни эгаллаши зарурлигини кўрсатади.

5 февраль куни Буюк Британия мудофаа вазири Грант Шеппс депутатларга ҳусий ҳужумларининг частотаси ўзгарганини айтди.

"Ҳусийларнинг вақти тугаяпти, чунки уларнинг имкониятлари ёмонлашмоқда, деди вазир. Уларда энди радар станциялари йўқ, улар тобора Эронга қарам бўлиб бормоқда".

Бироқ АҚШ ва Британия кемаларига ҳусийларнинг кейинги ҳужумлари бунинг аксини исботлайди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.