06.12.2024 10:20
1097

Сурия мухолифати кучлари мамлакатдаги тўртинчи йирик шаҳар – Ҳамани эгаллади

Сурия мухолифати кучлари мамлакатдаги тўртинчи йирик шаҳар – Ҳамани эгаллади. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Ҳама қамоқхонаси ҳам эгалланиб, у ердаги  маҳбуслар озодликка чиқарилган.

Маълумот учун, Ҳама Суриянинг худди шу номдаги вилояти марказидир. Ҳозирда Башар Асад режими ҳимоячилари провинцияларнинг икки пойтахти – Ҳалаб ва Ҳамани бой берган.

“Бир ҳафтадан сал кўпроқ вақт ичида улар Суриянинг иккинчи йирик шаҳри Ҳалабни тўлиқ назорат остига олишга муваффақ бўлишди, энди эса катталиги бўйича тўртинчи йирик шаҳарни эгаллаб олишди”, дейилади Al-Jazeera'нинг хабарида.

Ҳама Сурия пойтахти Дамашқ мудофааси учун стратегик аҳамиятга эга. Унинг қўлга олиниши Суриянинг энг гавжум ҳудудларини боғловчи йўллар кесишган асосий марказий шаҳар – Хомсга йўл очади.

Маҳаллий нашрларнинг энг сўнгги хабарларига кўра, бугун тонг саҳарда мухолифат жангчилари Хомс яқинидаги Ростан шаҳрини ҳам эгаллашган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.