18.04.2024 08:35

Судандаги фуқаролар уруши "унутилган инқироз"га айланди - Bloomberg

Судандаги фуқаролар уруши бошланганидан бир йил ўтиб, шафқатсиз можаро Шимолий Африка давлатининг ижтимоий тузилишини парчалаб ташлади ва дунёдаги энг катта қочқинлар инқирозига сабаб бўлди, шунингдек, йирик очарчилик инқирози хавфини юзага келтирди. Шунга қарамай, ушбу муаммо Ғазо ва Украинадаги можаролар манзарасида глобал суҳбатларда қарийб унутилмоқда. Халқаро донорлар Киевга Хартумга қараганда қарийб 1000 баробар кўпроқ ёрдам кўрсатди; хорижий қонун чиқарувчи органлар мунтазам равишда Исроилни қўллаб-қувватлаш ва бегуноҳ фаластинликларнинг азоб-уқубатларини муҳокама қиляпти. Дарфурдаги геноцидга ҳисса қўшган шафқатсиз исёнчи жангарилар ва собиқ тузум унсурлари билан алоқаси бўлган коррупцион ҳарбийлар орасида сарсон бўлаётган 50 миллион Судан фуқароси ҳақида жуда кам одамлар гапирмоқда.

Уруш ўтган йилнинг 15 апрелида Тезкор ҳаракат кучлари жангарилари ва Судан армиясининг ўзаро тўқнашувидан бошланган эди. Ўшандан буён улар ўртасида маъданларга бой мамлакатни назорат қилиш учун шафқатсиз уруш олиб боришмоқда. Бу тўқнашувлар натижасида 15 мингга яқин одам ҳалок бўлди, мамлакат пойтахти вайронага айланди ва тинимсиз уруш жиноятлари содир этиляпти.

Судан аҳолисининг ярми озиқ-овқат ёрдамига муҳтож, 11 миллион одам ўз уйини ташлаб кетган, минтақани беқарорлаштирган можарога эса хорижий кучлар, жумладан Бирлашган Араб Амирликлари ва Эрон ҳам қўшилган бўлиб, буларнинг барчаси кенг қамровли очарчилик эҳтимолини кучайтирмоқда. "Уруш бошланганида, ҳамма бу узоқ давом этмайди деб ўйлаганди, - дейди Британияда истиқомат қилувчи ҳуқуқшунос ва демократия тарафдори бўлган Судан Касаба уюшмаси аъзоси Моҳанед ал-Нур. – Афсуски, ҳозир уруш ҳеч қачон тугамайдигандек ҳиссиёт пайдо бўлмоқда".

Бошқа йирик тўқнашувлар билан солиштирилганда, Суданга муносабатдаги фарқ ёрдам соҳасида айниқса ёрқин кўринади. Кил жаҳон иқтисодиёти институти маълумотларига кўра, халқаро донорлар, асосан Ғарб, уруш бошланганидан бери Украинага ҳарбий ёрдамни ҳисобга олмаганда 132 миллиард доллар берган. Буни донорлар томонидан ўтган йилнинг июнь ойида Суданга ваъда қилинган жами 1,5 миллиард долларлик гуманитар ёрдам билан солиштириб бўлмайди. Айни вақтда, БМТ жорий йил учун зарур бўлган 2,7 миллиард долларликнинг ёрдамнинг 5 фоизини тўплай олди.

Ғарб кучлари диққатини бошқа томонга қаратган бўлса-да, Яқин Шарқ давлатлари Суданда фаолроқ роль ўйнамоқда. Бирлашган Араб Амирликлари Тезкор Ҳаракат Кучларининг асосий қўллаб-қувватловчиларидан бири бўлиб, уни қурол ва маблағ билан таъминлайди, дейилади БМТнинг ошкор қилинган ҳисоботида. БАА эса ҳар қандай алоқани рад этади. Айни пайтда, Эрон, Ғарб дипломатларига кўра, армияни жанговар учувчисиз учоқлар билан таъминламоқда.

Майдондаги вазиятни Суданнинг мураккаб фуқаролик тизими ва исёнчи қўшинлар туфайли янада мураккаблашмоқда: яхши қуролланган жангарилар гуруҳлари душман тарафига ўтса, мусулмонлар армия сафига қўшилмоқда, оддий фуқаролар ҳам қўлига қурол олмоқда.

Бундай беқарор вазият армия бошлиғи генерал Абдулфаттоҳ ал-Бурхон ва Тезкор ҳаракат кучлари раҳбари Муҳаммад Ҳамдан Дагало ўртасида ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишувга эришилган тақдирда ҳам, бунинг эҳтимоли паст, чунки БАА, Саудия Арабистони ва бошқа мамлакатларнинг воситачилик қилишга уринишлари муваффақиятсиз якунланди, ҳарбий ҳаракатлар тўхталишларсиз давом этади, деган хавотирларни келтириб чиқармоқда.

Дагало хорижга қилган сафарларида ўзини олийжаноб давлат арбоби сифатида кўрсатса-да, мамлакатдаги қўшинлари уруш жиноятлари, жумладан зўрлаш, тинч аҳолига ҳужум қилиш ва талон-тарож қилишда айбланмоқда. АҚШ эса армияни уруш жиноятларида айбламоқда.

Ўтган ой Жаҳон озиқ-овқат дастури ижрочи директори Синди Маккейн Судандаги урушни "унутилган инқироз" деб атади, бу фикрни АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд ҳам такрорлади. "У ерда озиқ-овқат етарли эмас, бизда кириш имкони йўқ. Бизнинг молиялаштириш имкониятларимиз шунчаки бир-бирига мос келмайди - бизда етарли пул йўқ”, - деди у.

Манба: Bloomberg

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.