Суданда камида 700 минг бола очликдан ўлиш хавфи остида
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) жума куни Суданда давом этаётган можаролар ва жиддий тўйиб овқатланмаслик туфайли болаларнинг оғир аҳволи ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда ЮНИСEФ вакили Жеймс Элдер Женевада бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Элдер гуманитар ёрдам чеклангани ҳақида батафсил гапириб, ЮНИСЕФ хавф остидаги болаларнинг атиги 300
мингга яқинига ёрдам бера олиши, бу эса Судандаги ўлим хавфи остида
бўлган жами болаларнинг ярмидан камроғи эканини билдирди.
Элдернинг
сўзларига кўра, бу болалар
тўқнаш келаётган “оғир тўйиб овқатланмаслик даражаси” жиддий муаммо
бўлиб, вабо, безгак ва бошқа касалликлардан ўлимни сезиларли даражада оширади. Шу боисдан Элдер шошилинч
аралашув зарурлигини таъкидлади.
Бир кун аввал ЮНИСEФ Судандаги 7,5 миллиондан ортиқ боланинг бир йил
давомидаги бевосита эҳтиёжларини қондириш учун 840 миллион доллар йиғиш
кампаниясини бошлади. Элдер
аввалги кампанияларда етарлича маблағ олинмаганидан ҳафсаласи пир бўлгани, “ўтган йили ЮНИСEФ Судандаги
болаларнинг деярли тўртдан уч қисми учун сўраган маблағ олинмаганини”
таъкидлади.
Тўйиб овқатланмасликдан ташқари, Элдер ўтган йил давомида
болаларга нисбатан ваҳшийлик, жумладан, қотиллик, жинсий зўравонлик ва аскар
сифатида ёллаш каби ҳолатлар
“500 фоизга ошганидан” хавотир билдирди. Унинг таъкидлашича, бу рақамлар,
эҳтимол, "айсбергнинг учи" ва инқирознинг ҳақиқий кўлами анча
жиддийроқ бўлиши мумкин.
2023 йил апрель ойида бошланган ва ҳозиргача давом этаётган можаро Судан
аҳолисининг қарийб ярмини – 25 миллионга яқин кишини инсонпарварлик ёрдами ва
ҳимояга муҳтож қилиб қўйди. Тахминан 1,5 миллион киши қўшни давлатларга қочишга
мажбур бўлган.
Чоршанба куни БМТ Судан ичида ва ташқарисида жабрланганларга зарур
инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш учун 4,1 миллиард доллар талаб қилди.