01.11.2024 14:45

Суданда вабо эпидемияси 852 кишининг ҳаётига зомин бўлди

Судан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўлкада вабо билан касалланганларнинг умумий сони 29 минг 147 нафарга етганини билдирди. Ҳисоботда вабо эпидемияси оқибатида ҳалок бўлганлар сонининг 852 нафарга етгани қайд этилган.

Суданда июнь ойидан бери давом этаётган ёғингарчилик ва сув тошқинлари вабо касаллигининг кенгроқ тарқалишига олиб келди. Судан ҳукумати 12 август куни вабони эпидемия деб эълон қилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (ОCHА) 1 октябрь куни 3,4 миллион суданлик бола эпидемия хавфи остида эканлигини маълум қилди.

БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) эса 5 октябрь куни Суданга вабога қарши 1,4 миллион доза вакцина юборганини эълон қилди.

Уруш давом этаётган Суданда эпидемияларнинг тарқалиши соғлиқни сақлаш тизими самарасиз бўлган даврда одамларнинг ҳаётини янада қийинлаштирмоқда.

Шунингдек, БМТ маълумотларига кўра, Суданда фуқаролик уруши, оммавий қотилликлар, жинсий зўравонлик ва авж олган жанглар мисли кўрилмаган гуманитар инқирозга олиб келди, биргина мамлакат ичида ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган тинч аҳоли сони 11 миллиондан ошди. Бу ҳақда сешанба куни БМТ агентликлари вакиллари маълум қилди.

“Судандаги вазият ҳалокатли. Буни айтишнинг ўзи оғир. Очлик, касаллик ва жинсий зўравонлик кенг тарқалган. Бу Судан халқи учун даҳшатли туш”, - деди Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) раҳбари Эми Попе.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.