Судан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган баёнотда, ўлканинг турли штатларида тарқалган вабо эпидемияси билан касалланганлар сонининг 9 533 нафарга этгани қайд этилди.

Баёнотда, эпидемия туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сонининг 315 нафарга етгани билдирилди.

Баёнотда, шунингдек, Суданнинг 11 штатида июнь ойидан бери кучли ёмғир ва сув тошқинлари туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сонининг 225 нафарга кўтарилгани ҳам қайд этилди.

Сел ва ёмғирдан жабр кўрганлар сони 345 204 нафарга етгани маълум қилинди.

Мамлакатда ҳар йили июль-октябрь ойлари орасида кучли ёғингарчилик ва сув тошқинлари содир бўлади. Натижада йилига 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлади, ўн минглаб уйлар, иш жойлари ва қишлоқ хўжалиги ерлари зарар кўради. Бу йил ушбу табиат ҳодисалари вабо касаллигининг авж олишига ҳам сабаб бўлмоқда. Судан ҳукумати 12 август куни вабони эпидемия деб эълон қилди.

Вабо эпидемиясига қарши курашиш учун сув таъминоти ҳамда асосий санитария-гигиена талабларига риоя қилиш талаб этилади. Бироқ Суданда давом этаётган фуқаролар уруши, соғлиқни сақлаш тизимидаги инқироз, қолавераса, ёғингарчиликлар ва сув тошқинлари ушбу эпидемияга қарши курашни сусайтирмоқда. Эпидемия эса шусиз ҳам очлик ва уйсизликдан азият чекаётган миллионлаб суданлик мусулмонлар ҳаётини янада қийинлаштирмоқда.

 

Мавзуга алоқадор