Судан: Вабо эпидемияси, сув тошқинлари ва фуқаролик уруши
Суданда армия ва Тезкор кучлар ўртасидаги 17 ойдан ортиқ давом этган тўқнашувда 20 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди. Судандаги уруш дунёдаги энг йирик гуманитар инқирозни келтириб чиқарди ва бу мамлакат аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этувчи 25 миллион кишини шошилинч ёрдамга муҳтож қилиб қўйди.
Ҳозирда асосий жанглар пойтахт Хартум, мамлакатнинг марказий қисмидаги Жезира ва Синнара штатлари, шунингдек, ғарбдаги Дарфур штатида бўлиб ўтмоқда. 8 миллионга яқин одам ўз уйларини ташлаб, хавфсизроқ шимолий ва шарқий штатларга бошпана топишга мажбур бўлди.
Кучли ёғингарчилик ва сув тошқинлари
Июнь ойидан бери мамлакатнинг бошқа ҳудудлари каби ички кўчирилганларни қабул қилган ҳудудлар ҳам йирик сув тошқинларидан азият чекмоқда.
Кучли ёмғирлар 18 штатдан 11 тасида зарар кўрди, 225 киши ҳалок бўлди. Сув тошқинлари 35 794 та уйни бутунлай вайрон қилган ва яна 40 781 таси қисман зарар кўрган.
Вабо эпидемияси
Кучли ёмғир ва сув тошқинлари юқумли касалликлар, жумладан, вабонинг тарқалишига шароит яратмоқда.
12 август куни Судан ҳукумати вабо эпидемияси ҳақида эълон қилди.
Июнь ойидан бери вабо 535 кишининг ҳаётига зомин бўлди, ушбу инфекция билан касалланганлар сони 17 411 нафарга етди.
Денге иситмаси
Мамлакатнинг бешта штатида денге безгаги билан касалланиш ҳолатлари ҳам қайд этилган. Касалликка чалинганларнинг умумий сони 378 кишига етди, икки киши ушбу касалликдан вафот этди.
Мамлакатда соғлиқни сақлаш тизими касодга юз тутгани сабабли суданликлар тиббий ёрдам олишда жиддий қийинчиликларга дуч келишмоқда.