02.08.2024 15:45

Судан раҳбарига суиқасд уюштирилди

Судан армияси 31 июль куни мамлакат шарқидаги ҳарбий базага мамлакат раҳбари генерал Абдулфаттоҳ ал-Бурхон ташрифи чоғида икки учувчисиз учоқ ҳужуми амалга оширилганини хабар қилди. Ҳужум натижасида мамлакат етакчиси енгил жароҳатлар олган. Камида беш киши ҳалок бўлди, яна бир неча киши яраланди.

Судан армияси матбуот котиби Набил Абдуллоҳ генерал ал-Бурҳон суиқасддан омон қолганини айтиб, 15 ойдан бери армия билан ҳокимият учун курашиб келаётган Тезкор ёрдам кучларини (SDF) айблади.

Ҳеч бир гуруҳ зарбалар учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. SDF ҳам ҳужумга алоқадорлиги ҳақидаги хабарларни рад этди.

Генерал ал-Бурхон ва унинг рақиби, SDF раҳбари генерал-лейтенант Муҳаммад Ҳамдан ўртасидаги уруш Африканинг энг йирик давлатларидан бири Суданни вайрон қилди. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 15 ойдан бери давом этган можаролар натижасида 18 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган ва камида 10 миллион киши ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Мамлакатнинг 48 миллион аҳолисининг ярмидан кўпи ҳар куни очлик билан курашмоқда, дейилади БМТ ҳисоботида.

Юқоридаги суиқасд ал-Бурҳонни дронлар ёрдамида ўлдиришга илк уриниш эмас. Армия ҳам, ҳарбийлаштирилган гуруҳ ҳам бир-бирининг ҳарбий идораларига ҳужум қилиш учун дронлардан фаол фойдаланмоқда. Пойтахт Хартум ва ғарбий Дарфур минтақаси атрофида мустаҳкам ўрнашиб олган SDF сўнгги ҳафталарда шарқда армия назоратидаги ҳудудларга ҳужумларини кучайтирди.

Reuters агентлигининг аниқлик киритишича, базага дрон зарбалари АҚШ томонидан Швейтцарияда ташкил этилган урушни тугатиш бўйича воситачилик музокаралари бошланишидан икки ҳафта олдин содир бўлган. Давлат котиби Антони Блинкеннинг айтишича, Саудия Арабистони Африка Иттифоқи, Миср, БАА ва БМТ кузатувчи сифатида қатнашадиган музокараларга ҳамкорликда мезбонлик қилади.

Ҳарбийлаштирилган тузилма етакчи генерал Ҳамдан унинг гуруҳи музокараларда иштирок этишини айтди. Сешанба куни Суданнинг ҳарбийларга алоқадор Ташқи ишлар вазирлиги ҳам 14 август куни Женевада бўлиб ўтадиган музокараларга қўшилишга тайёрлигини билдирди. Вазирлик ҳарбийлашган кучлардан ҳужумларини тўхтатиш ва гуманитар йўлакларни очишни ҳам талаб қилди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.